Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухорода бола ўғриси ушландими?

Бухорода бола ўғриси ушландими?

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 27 сентябрь куни, ижтимоий тармоқларда «Бухорода бола ўғриси ушланибди» деган хабар яшин тезликда тарқалган ва бу бир неча соат ичида аҳоли ўртасида шов-шув ва ваҳимага айланиб улгурган.

«Xabar.uz» мухбири ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида воқеа жойида бўлиб, ички ишлар органлари  вакиллари билан суҳбатлашди.

Воқеага кўра, Бухоро шаҳридаги Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган автомобилларга газ қуйиш шохобчаларидан бирида автомобиллар турнақатор навбатда туришган.

Шохобча атрофида юрган нотаниш бир аёл бир нечта автомашиналарда оиласи ва фарзандлари билан кутиб турган ҳайдовчилардан «Боланингизни беринг, ширин экан, мен билан ўйнасин», — дея сўраб чиқаверган.

Худди шу кезда аёл ўз автомашинаси ёнида суҳбатлашиб турган ота-онасидан сал чеккароққа ўтирган бир боланинг қўлидан ушлаб, у билан ғалати хатти-ҳаракатда бўлган.  Бу эса ота-онани қўрқувга солган. «Боламизни ўғирлаяпти», деган хавотир билан бақир-чақир қилишган.

Зудлик билан одамлар ва ички ишлар ходимлари воқеа жойига тўпланишган. Олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида нотаниш аёлнинг асли Навоий шаҳридан экани ва унинг руҳий носоғлом экани аниқланган. Ва ижтимоий тармоқларда Бухорода бола ўғрилиги ҳолати содир бўлгани ва бола ўғрисининг ушлангани ҳақида нотўғри талқиндаги турли овоз ёзувлар тарқалган.

«Ўрганувимизга кўра, у аёл газ қуйиш шохобчасида оиласи ва болалари билан навбат кутиб турган бирмас, бир нечта ҳайдовчилардан боласини у билан ўйнаб туришга беришини сўраган. Аёлнинг руҳий носоғлом экани жисмоний жиҳатидан ҳам сезилиб тургани учун унга индашмаган. Бироқ, бу боласининг қўлидан ушлаган бошқа ота-онани эса ваҳимага солган. Воқеа жойига ички ишлар ходимлари сергаклик билан етиб келишган. Ҳолат эса яшин тезлигида «Бухорода бола ўғриси ушланди» деган хабарга айланиб кетган. Бола ўғирлангани ва ўғрининг ушлангани ҳолати содир бўлгани қабилидаги миш-мишлар ҳақиқатдан йироқ», — дейди вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов.

ИИБ расмийси фуқароларни тармоқларда нотўғри ахборот тарқатмасликка чақирган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг