Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ФИФА раҳбари жаҳон чемпионатларини хусусийлаштирмоқчи

ФИФА раҳбари жаҳон чемпионатларини хусусийлаштирмоқчи

Фото: AP Photo

ФИФА раҳбари Жанни Инфантино футболдан янаям кўп пул ишламоқчи. The Times нашри қўлга киритган маълумотларга кўра, Инфантино миллий терма жамоалар ҳамда клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатларини бошқарадиган компанияга асос солмоқчи.

Келгуси йили ФИФА президенти сайланади, Инфантино — ягона номзод, у сайланса, 2031 йилгача ташкилотни бошқаради. Шундан сўнг у мазкур компанияга раҳбарлик қилиши мумкин.

Янги компания акциялари хусусий сармоядорларга таклиф этилиши айтилмоқда. Хабарга кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятига яқин доиралар билан алоқалар йўлга қўйилган. Хусусан, Трампнинг куёви Жаред Кушнернинг укаси — Жошуа Кушнер ва JPMorgan банки Инфантино компаниясининг асосий сармоядорларидан бири бўлиши эҳтимол қилинмоқда.

Акцияларни тақсимлаш тартиби қуйидагича бўлиши мумкин: назорат пакети ФИФА ихтиёрида қолади, хусусий сармоядорлар эса дастлабки босқичда акцияларнинг 20–30 фоизини сотиб олиш имконига эга бўлади. Қолган қарийб 20 фоиз акция эса ФИФА таркибидаги 211 та миллий футбол уюшмасига ажратилади. Ҳар бир уюшмага тахминан 20 миллион АҚШ долларига тенг қийматдаги акциялар тегади, улар ўз хоҳишларига кўра, бу акцияларни сотишлари ҳам мумкин. Молиявий имкониятлари чекланган кичик футбол уюшмалари бу жозибадор таклифни қучоқ очиб кутиб олишлари аниқ.

Бу ислоҳотнинг эҳтимолий кутилмаларидан бири жаҳон чемпионатлари — миллий терма жамоалар ҳамда клублар ўртасидаги мусобақаларни тез-тез ўтказиш бўлиши мумкин. Чунки компаниянинг асосий мақсади даромадни имкон қадар кўпайтиришдир. Қолаверса, мусобақада иштирок этувчи жамоалар сонини ошириш масаласи ҳам кўриб чиқиляпти.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг