Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳуқуқшунос Ўзбекистон ҳақида «қасддан уюштирилган ахборот манипуляцияси”ни фош қилди

Ҳуқуқшунос Ўзбекистон ҳақида «қасддан уюштирилган ахборот манипуляцияси”ни фош қилди

Ҳуқуқшунос Зарнигор Омониллаева Россиянинг катта аудиторияга эга «Lenta.ru” сайти мухбири томонидан ёзилган мақолада ахборот атайин сохталаштирилгани ҳолатига эътибор қаратди.

Жорий 27 август куни Санкт-Петербург судлари бирлашган матбуот хизмати Санкт-Петербург шаҳри Куйбишев тумани суди Тожикистон фуқароси Амин К.га нисбатан маъмурий ишни кўриб чиққани ҳақида хабар берган. Хабарда Тожикистон фуқаросида одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) аниқлангани ҳақида сўз боради.  

«Lenta.ru» сайтида 28 август куни чоп этилган материалда эса ўзбекистонлик мигрантда ОИВ аниқлангани туфайли у Россиядан депортация қилингани ҳақида ёзилган. Қизиқ жиҳати, Ўзбекистон номи умуман зикр қилинмагани ҳолда тожикистонлик фуқаро ўзбекистонликка айлантирилган.  

«Бу қасддан ахборот билан манипуляция қилиш саналади. Яъни шу хабарни ёзган одам номаълум мақсадлари учун қасддан ахборотни ёлғон, нотўғри ва бузиб оммага етказган. ОАВ ахборот билан манипуляция қилишига сабаблар орасида:

  • тижорий манфаат (ҳомий, реклама берувчиларнинг талабларига мослашиш);
  • сиёсий манфаат (баъзи ОАВ маълум сиёсий партиялар ёки ҳаракатлар билан алоқадор бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда ахборотни бузиб кўрсатиш сиёсий кун тартибини илгари суриш, жамоатчилик фикрини бошқариш ёки рақибларни обрўсизлантириш учун қўлланади);
  • идеологик мойиллик (журналистлар ёки муҳаррирларнинг ҳам ўз қарашлари бор, шу қарашлар ишга таъсир кўрсатиши мумкин, масалан, шу хабарни ёзган одамни бирор ўзбек алдаб қўйган бўлса, вазиятдан фойдаланиб шундай ёзиб қўйган кабилар бор. Бекордан бекорга қилинмайди бу иш», – деб ёзади ҳуқуқшунос Зарнигор Омониллаева.

Қайд этилишича, ахборот манипуляцияси жамоатчилик фикрига таъсир ўтказиш, оммада баъзи гуруҳлар, миллатлар ёки ҳолатлар ҳақида керакли тасаввурни шакллантириш, аудиторияда маълум бир реакция (жавоб) яратиш учун қилинади. Шунга кўра, ҳуқуқшунос ахборот гигиенаси зарурлигини урғулаган.

«Агар биз ақлли бўлмасак, руҳий саломатлигимиз ҳам азият чекади. Ўзимиз ҳам адекватликни йўқотамиз. Бизга рухсатимизсиз берилаётган «ўйин»ни уларнинг «қоидалари»га кўра ўйнашга киришиб кетиб қоламиз... Бу мавзунинг яна бир оғриқли томони бор. Ўзбек сегментидаги ОАВ, янгилик тарқатувчилари ҳам рус тилидаги хабарларни таржима қилиб, катта аудиторияга тарқатади. Яъни ўзбек янгиликлари русийзабон медианинг маконида шаклланиб боради. Шу маълумотни ҳам қайсидир таржимон ўзбекистонлик ОИВ билан Россиядан депортация қилинди, деб тарқатган бўлиши мумкин. Шу учун ҳам ахборот гигиенасига риоя қилиш ўта зарур», – дейди эксперт.

Ахборот гигиенаси эса овқат тановулидан олдин қўлни ювишга ўхшатилган.

«Агар бирор хабар сизни ҳиссиётларга олиб чиққан бўлса, унда манбасини текширишингиз керак. Масалан, бирор хабар жаҳлингизни чиқарди ёки кайфиятингизни тушириб юборди ёки жуда-жуда хурсанд қилиб юборди. Унда шу хабарнинг расмий манбасини топишингиз керак. Топасиз, ўқийсиз, солиштирасиз ва хулоса қиласиз. Шу ахборот гигиенаси. Қўлни ювиб, овқат тановул қилгандек, ишонишдан аввал ахборотни «ювиб», тозалаб оласиз», – деб хулоса қилади ҳуқуқшунос З.Омониллаева.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг