ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев: «Ички ва ташқи хавфлар ҳамон мавжуд»
Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси Ихтиёр Абдуллаев «Ўзбекистон Республикасининг Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонуни юзасидан ўз фикрларини билдирди, деб хабар берди «ЎзА».
– Президентимиз фармони билан тасдиқланган Ўзбекистонни ривожлантиришга оид Ҳаракатлар стратегияси жамиятимиз барча соҳаларида янги ислоҳотлар амалга оширилишига замин яратди, – деди ДХХ раиси. – Бу жараёнда, албатта, мамлакатда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, юртимизни нафақат ташқи, балки ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш долзарб вазифалардандир. Ана шундай омилларнинг мавжудлиги хавфсизликни таъминлаш соҳасини такомиллаштиришни тақозо этди. Шу мақсадда Давлат хавфсизлик хизмати фаолияти такомиллаштирилди.
И.Абдуллаев ўз фикрини давом эттирар экан, айрим бизга яқин бўлган давлатлардаги беқарорлик, террорчилик ҳаракатларнинг фаоллашгани, жангарилар сафида бўлган ҳамюртларимизнинг қайтиб келиши, қўшни давлатлар билан чегараларнинг очилгани туфайли кириб келаётган одамлар кўпайгани, улар орасида ёмон ниятли кимсалар ҳам учраётгани, улар билан диний экстремик руҳдаги адабиётларнинг кириб келаётгани маълум хавфлар ҳамон мавжудлигини кўрсатаётганини, эътиқод эркинлигини айримлар нотўғри тушуниб, турли оқимларга киришга ҳаракат қилаётганида намоён бўлаётганини таъкидлаган.
Ўзини мухолифат санаб юрган айрим кучларнинг фаоллашуви, фаолиятларини қонунийлаштиришга интилаётгани замирида мамлакатга кириб, ундаги барқарорликни издан чиқаришга қаратилган ҳаракат мавжуд. Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар ҳудудида меҳнат қилаётган фуқаролари кўп ҳолларда турли экстремистик оқимлар таъсирига тушаётгани хавфли ҳолатлардан бири. Хорижий давлатлардан кириб келаётган инсвестицияларнинг барчасини ҳам фойдали, деб бўлмайди. Буларнинг ҳеч бири эътиборимиздан четда қолмаслиги керак, дея урғулади ДХХ раиси.
Айтиш ўринлики, 26 йил мобайнида миллий хавфсизлик хизмати фаолияти қонун асосида тартибга солинмаган эди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 14 мартдаги фармони билан Давлат хавфсизлик хизмати ташкил этилиб, унинг фаолиятига оид қонун қабул қилиш вазифаси қўйилган эди. Шу асосда тайёрланган соҳага оид янги қонунда Давлат хавфсизлик хизматининг асосий вазифалари белгиланди. Депутатлар томонидан манфаатдор идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида ишлаб чиқилган қонунда хизматнинг барча фаолият йўналишлари аниқ белгиланган. Ўз навбатида, хизматнинг ваколат ва вазифаларининг аниқ чегаралари ҳам қонунда ўз ифодасини топган.
Қонун асосида хизмат ходимлари мамлакатимиз конституциявий тузуми ҳудудий яхлитлиги, бошқарув тизимидаги давлат хавфсизлигига таҳдид солувчи коррупциявий ҳолатларга қарши курашади. Юқори лавозимдаги шахслар, уюшган жиноий гуруҳларнинг коррупциявий ҳаракатлари, ноқонуний давлат харидлари, тизимли коррпуцион жиноятларга барҳам бериш, уларнинг олдини олиш борасида изчил фаолият юритади. Қонун давлат хафсизлигини таъминлаш борасида давлат хавфсизлик хизматининг барча вазифаларини бажаришда муҳим ҳуқуқий асос бўлади, – деди Ихтиёр Абдуллаев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter