Жиззахда ҳақдор қарздорнинг акасига тегишли «Нексия»ни ёқиб юборди
Жиззахлик Турғун Толиповнинг (исм-шарифлар ўзгартирилди) таниши Ғулом Назаровда ҳақи бор эди: 100 (юз) минг сўм! Шугина пулини ололмай анча асаби қақшади. Пул — жигардан бўлган, дейдилар: озми-кўпми — фарқи йўқ. Айниқса, ўзингда зарурат туғилганда қарздор бермаса, алам қиларкан. Ғуломда эса қарзини бериш сиёқи кўринмайди.
Турғун Толипов нима қилди? Ғуломнинг ана-мана деб юраверганидан жаҳли чиқиб турганда иттифоқо «Нексия»га кўзи тушди. Бу Ғуломнинг акасига тегишли машина-ку?! Яқин бориб қараса, машинанинг ён ойналари очиқ. Укасининг аламини аксидан олишга қасд қилди. Ва... «Нексия»нинг ичи-ю устига бензин сепиб, шартта ўт қўйиб юборди!
...Мутахассислар машинага етказилган зарани 39.664.701 сўм деб баҳолади. Бу миқдор жиноят иши қўзғатишга етиб ортди.
Жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов туман суди Турғун Толиповни Ўзбекистон Республикаси ЖК 173-моддасининг 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топди. Жазо тайинлашда унинг 2-гуруҳ ногирони эканини эътиборга олиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида, яъни 8.612.000 сўм жарима жазоси тайинлади.
Зарар-чи? Албатта айбдордан ундирилади-да. Бошқа бўлиши мумкинми ўзи?!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter