Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Машҳур серияли қотил қамоқдан озод этилади

Машҳур серияли қотил қамоқдан озод этилади

Сноутаундаги ташландиқ банк биноси.

Фото: The Guardian

15 сентябр куни Австралия суди жами 11 кишини ўлдирганликда айбланиб ҳукм қилинган учта серияли қотилдан бири — Жеймс Влассакис қамоқдан озод этилиши мумкинлиги ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда New York Post хабар берди.

Нашрга кўра, маҳкумнинг қурбонлари етти йил давомида ўлдирилган. Улардан аксариятининг жасадлари 1999 йилда Жанубий Австралия штати пойтахти Аделаидадан шимолда жойлашган Сноутаун шаҳарчасида кислота тўлдирилган бочкалар ичидан топилган.

Жанубий Австралия Апелляция судининг уч нафар судяси ўтган ойда шартли озод қилиш комиссияси томонидан чиқарилган қарорни тасдиқлади. Унга кўра, уч маҳкумлар орасида энг ёши — Жеймс Влассакис қамоқдан шартли равишда озод этилади.

Ҳозирда 46 ёшни қаршилаган Влассакис 1998 йилда жиноят йўлига кирганида атиги 18 ёшда эди. У тўрт кишини, жумладан, ўгай акаси ва ўгай отасини ўлдирганини бўйнига олган.

Кейинчалик у тергов билан ҳамкорлик қилиб, айблов томонининг асосий гувоҳига айланди. Суд унга камида 26 йил қамоқ муддати билан умрбод жазо тайинлади. Бу муддат ўтган йилнинг август ойида якунига етди. Ўша йилнинг декабрида унга шартли равишда озодликка чиқишга рухсат берилган бўлса-да, штат ҳукумати бу қарорни бекор қилишга эришган эди.

Сноутаундаги ташландиқ банк биносидан бўлакланган жасадларнинг топилиши ва 2003 йилда якунланган бир йиллик суд жараёни бутун мамлакатни ларзага келтирди. Ушбу мудҳиш воқеалар асосида кўплаб китоблар ёзилди ва 2011 йилда «Сноутаун» бадиий фильми суратга олинди.

Шартли равишда озод қилиш комиссияси раиси Фрэнсис Нелсоннинг айтишича, Влассакис «қилмишидан доимо қаттиқ пушаймон бўлиб, афсус чекиб келган». Таъкидланишича, маҳкумда руҳий бузилиш аниқланмаган ва у қамоқда ўзини «намунали» тутган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг