Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент қарори: касб-ҳунар таълими бўйича янги марказ ташкил этилади

Президент қарори: касб-ҳунар таълими бўйича янги марказ ташкил этилади

Фото: «Спутник»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 3 февраль куни «Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида» қарорни имзолади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 январдаги «Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонини ижро этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази ташкил этилади.

Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланди:

— тасарруфида касб-ҳунар коллежлари бўлган вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналар билан биргаликда касб-ҳунар таълими соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш бўйича ўрта ва узоқ муддатли дастурларни ҳаётга татбиқ этиш ва касб-ҳунар коллежларида ўқув-тарбия жараёнига ташкилий ва методик раҳбарлик қилишни таъминлаш;

— иш берувчиларнинг эҳтиёжлари ва таклифларидан ҳамда илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, шунингдек, иқтисодиётнинг реал секторидаги таркибий ўзгаришларни ҳисобга олиб касб-ҳунар коллежларида ўрта бўғиннинг меҳнат бозорида талаб этилган мутахассисларини тайёрлашнинг ўқув режалари ва дастурлари ишлаб чиқилишини ташкил этиш;

— юқори профессионал раҳбарлар ва педагог кадрларни танлаш ҳамда улар билан касб-ҳунар коллежларини таъминлаш, уларнинг малакаси ва касбий даражасини мунтазам равишда ошириш, шунингдек, улар меҳнатини рағбатлантириш ишларини тизимли асосда таъминлаш;

— тизимнинг раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш ҳамда уларни қайта тайёрлашнинг янги шакллари ва усулларини жорий этиш;

— республикадаги барча касб-ҳунар коллежлари ўқув-методик ишини уларнинг идоравий мансублигидан қатъи назар, мувофиқлаштириш;

— касб-ҳунар коллежларида таълим сифатини оширишга йўналтирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, таълим жараёнини доимий равишда такомиллаштириш;

— умумтаълим мактаблари 10-11-синф ўқувчиларининг касбий кўникмаларини шакллантириш бўйича ихтисослаштирилган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида касб-ҳунар таълими жараёнини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш.

Марказ Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича унинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Марказнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилиши мажбурий бўлади.

Марказга директор — Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари раҳбарлик қилади.

Марказ директори Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Марказ директори Ўзбекистон Республикаси касб-ҳунар таълими тизими сифатли ва самарали ташкил этилиши, норматив-ҳуқуқий бошқарилиши, унга юкланган вазифалар тўлақонли ва ўз вақтида бажарилиши учун шахсан жавоб беради.

Шунингдек, санъат, маданият ва олимпия захиралари касб-ҳунар коллежлари (коллежлари) битирувчиларига давлат намунасидаги диплом бериладиган ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ва мактаб-интернатларига, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларига айлантирилади.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Марказ ва Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда тугатиладиган ва қайта ташкил этиладиган касб-ҳунар коллежлари ходимларини ишга жойлаштиришда ёрдам беради.

Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.С.Қосимов зиммасига юкланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг