Қанот
Газеталаримиздан бирида қаноти бор отлар ҳақида ўқиб қолдим. Кўплар қатори мен ҳам учар отлар, шамолни ортда қолдирувчи тулпорлар, чавандознинг бир ҳамласи билан кўкка кўтарилиб булутлар ичида кўздан ғойиб бўладиган сеҳрли дулдуллар тўғрисида кўп ўқиганман.
Бир вақтлар тоққа яқин қишлоғимизда уюр-уюр йилқилар бўларди. Йилқибоқарларга қарашиб, отларни суғоргани олиб борганимизда, беихтиёр ўзимизни ўша учар дулдуллар устида бораётгандек ҳис қилардик, хаёлан Ўнғортоғ устидан ошиб ўтиб, биз учун ҳали очилмаган не-не ўлкаларни кўриб қайтардик.
Эртак китоблардаги учар отларни айтинг. Қўй-қўзиларни Такавойтепа, Мўнчоқтепага ёйиб, ўзимиз саҳифалари сарғайиб, муқовалари титилиб кетган китобларни қўйиндан олардик-да, ўқишга тутинардик. От аралашмаган эртак бўлмасди. От чавандозни танийди, адашиб қолса, уйига элтади, йўлда йиртқичларнинг ҳужумидан асрайди, офатни олдиндан сезиб, қулоқларини диккайтиради, қаровини жойига қўймасангиз аразлайди, ем емай қўяди. Вақти-соати етиб, пичоққа тортиладиган бўлса, тақдирини ҳис этиб, кўзларидан дув-дув ёш тўкади.
Қанотли отлар борлигига мен ҳам ишонганман. Ёшлигимдан ишониб келганман. Қишлоғимизнинг машҳур чавандози Соливой улоқчи – умрини от устида ўтказган, не-не кўпкариларда тўдани ёриб чиқадиган тоғамиз менинг саволимга:
— «Э, жиян, учар отлар бўлган, кўпроқ қадим замонларда бўлган», деб жавоб берганлар. Кейинроқ от деса кўзлари ёниб кетадиган Эшон чавандоздан ҳам сўраганман. Ҳаммалари «Ҳа, бўлган», дейишган. Лекин ҳеч ким: «Мен кўрганман», демаган.
Талабалик йилларимда қишлоққа бориб, Муродхон исмли йигитнинг тўйи устидан чиқиб қолдим. Биз томонларда суннат тўйлари қирчиллама қишда, қор тиззага урай деб қолганда бўлади. Боқилган от сўйилади, гўшти катта қозонда пиширилиб, наҳорда элга шўрва тортилади.
Муродхоннинг тўйида шўрвага нонни энди бўктираётган эдим, мактабдош дўстларимдан бири «Мирзажон баковул сени сўраяпти», деб қолди. Мирзажон деганимиз отга, овга берилган, йилда от боқиб сўймаса, қазили жойини ичакка жойламаса кўнгли ўрнига тушмайдиган йигит. Ёшлигида эртак китоблардан бошини кўтармасди. Мени сўраётган бўлса, ҳойнаҳой бир иши бордир-да, деб шўрвани ичиб бўлгач, тўйхона ертўласига тушдим.
Қарасам, Мирзажон пишган гўштни, қазини япроқ-япроқ қилиб кесяпти. «Қишлоққа кам келасан, қанча тўйларда ош емадинг», дея аввалига мени ўхшатиб меҳмон қилди. Кейин худди бошқалар эшитса бўлмайдигандай, қулоғимга аста шивирлади:
– Сўқимга сўйилган отнинг қаноти бор экан...
У шундай дея ертўланинг ёғоч устунига осиб қўйилган отнинг ўпкасига ишора қилди. Одатда, тўй ўтиб бўлгач, қариндош-уруғ, дўст-қадрдон, тўйда хизмат қилганлар йиғилишиб «калла солди» маросимини ўтказишади. Ўша маросимда сўқимнинг ўпкаси сомсага тушади. Қарасам, иккала палласининг остида биттадан ўсимта осилиб турибди. Узунлиги бир қаричдан мўл.
– Қанот деганлари мана шу бўлади, – деди Мирзажон ўсимтани кўрсатиб. – Бундай отлар нафас олганда, ўпкадан ўсиб чиққан мана шу ўсимталарнинг ичи ҳам ҳавога тўлади. Шунинг ҳисобига от янада чуқур нафас олади, шамолдай елиб чопади...
Кейинчалик бу воқеани бир-икки жойда айтиб берган эдим, от ишқибозлари «Э, йўқ, қанотли отлар бошқа бўлади» дейишмади. Яна ким билади, дейсиз...
Аҳмаджон Мелибоев


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter