Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шахматчиларга 200 минг долларгача мукофот берилади

Шахматчиларга 200 минг долларгача мукофот берилади

Ўзбекистонда халқаро шахмат мусобақаларида юқори натижалар қайд этаётган спортчилар ва уларни тайёрлаётган мураббийларни рағбатлантиришнинг янги тартиби белгиланди. Президентнинг 2026 йил 21 сентябрдаги ПҚ–346-сон қарори билан нуфузли халқаро шахмат мусобақалари ғолиб ва совриндорлари ҳамда уларнинг тренерларига бериладиган бир марталик пул мукофотлари миқдори оширилди. Ҳужжат 23 сентябрдан кучга кирган.

Янги тартибга кўра, энг юқори мукофот Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва паралимпиадасида катталар ўртасида ғолиб бўлган ўзбекистонлик шахматчиларга берилади.

  • Жумладан, олтин медал соҳиби 200 минг АҚШ доллари, унинг тренери эса 50 минг доллар миқдорида бир марталик мукофот олади;
  • Кумуш медал учун шахматчига 100 минг, тренерига 25 минг доллар;
  • Бронза медал учун эса мос равишда 50 минг ва 12,5 минг доллар тўланади.

Ёшлар ўртасидаги Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва паралимпиадаси ғолиблари учун ҳам алоҳида рағбатлантириш миқдорлари белгиланди.

  • Унга кўра, олтин медал соҳиби 20 минг доллар, тренери 5 минг доллар;
  • Кумуш медал соҳиби 10 минг доллар, тренери 2,5 минг доллар;
  • Бронза медал соҳиби эса 5 минг доллар, тренери 1 250 доллар билан тақдирланади.

ФИДЕ таснифига кирувчи жаҳон миқёсидаги мусобақаларда ҳам юқори натижа қайд этган шахматчилар ва уларнинг мураббийлари учун бир марталик мукофотлар белгиланди.

  • Жаҳон миқёсидаги мусобақаларда олтин медал учун шахматчига 15 минг, тренерига 7 минг доллар;
  • Кумуш медаль учун 7,5 минг ва 3,5 минг доллар;
  • Бронза медал учун эса 3 750 ва 1 750 доллар тўланади.

Осиё миқёсидаги ФИДЕ мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлганлар учун мукофотлар ҳам алоҳида белгиланган.

  • Олтин медал соҳиби 10 минг, унинг тренери 5 минг доллар;
  • Кумуш медал соҳиби 5 минг, тренери 2,5 минг доллар;
  • Бронза медал соҳиби 2,5 минг, тренери эса 1 250 доллар олади.

Шунингдек, шахматчиларнинг профессионал ўсишини қўллаб-қувватлаш мақсадида халқаро гроссмейстер спорт унвонини олган шахматчига 5 минг АҚШ доллари миқдорида бир марталик мукофот бериш белгиланди.

Қарорда тренерларни рағбатлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, мукофот пули спортчини мусобақадан олдинги сўнгги бир йил давомида тайёрлаган тренерга берилади. Айрим ҳолларда эса Тренерлар кенгаши қарори асосида ушбу маблағ спортчини сўнгги тўрт йил давомида тайёрлашда иштирок этган мутахассислар ўртасида қайта тақсимланиши мумкин.

Шу тариқа, янги тартиб нафақат шахматчиларнинг халқаро майдондаги натижаларини моддий рағбатлантириш, балки уларнинг юқори даражада тайёргарлик кўришида муҳим ўрин тутадиган тренерларни ҳам муносиб қўллаб-қувватлашни назарда тутади.

Аввал амалда бўлган тартибда катталар ўртасидаги Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва паралимпиадасида олтин медаль учун 880 миллион сўм, кумуш учун 440 миллион сўм, бронза учун эса 220 миллион сўм миқдорида мукофот белгиланган эди. Янги қарор билан мазкур тоифадаги мукофотлар АҚШ долларида ифодаланган янги миқдорларга алмаштирилди.

Президент қарори шахмат соҳасида халқаро мусобақаларда юқори натижалар кўрсатаётган ўзбекистонлик спортчиларни ва уларнинг мураббийларини рағбатлантириш механизмларини янгилади. Мукофотларнинг янги миқдорлари мамлакат шахматчилари учун халқаро мусобақалардаги натижаларни моддий рағбатлантириш тизимининг муҳим қисмини ташкил этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг