Ҳарбий тавсиянома олганларга имтиёзни қўллаш тартиби қандай?
Кўпчилик шу савол билан мурожаат қилаётгани учун аниқ мисол билан тушунтирмоқчиман.
Ҳарбий хизматда бўлиб, Қўмондонликнинг тавсияномасини олган абитуриентлар учун умумий квотанинг 5 фоизи миқдорида қўшимча жой ажратилади. Бунда жорий йилда:
- кундузгига - 5687 та;
- сиртқига - 1887 та;
- кечкига - 328 та жой ажратилган.
Батафсил квота мана бу ерда.
Квоталар ОТМлар кесимида тақсимланган.
Кўпчилик «йўналишлар кесимида нечта жой борлигини қандай билсак бўлади, ахир рақамлар умумий ОТМ учун берилганку» деб сўрашади.
Йўналишлар кесимида квота бўлинмайди, умумий ОТМ бўйича ҳисобланади. Аммо унақада йўналишлар чалкашиб кетмайдими?
Келинг, Ўзбекистон миллий университети мисолида кўриб чиқамиз.
ЎзМУ учун ҳарбий тавсияномаси борларга жами 179 та қўшимча ўрин берилган, шундан 43 таси грант, 136 таси контракт. Лекин ЎзМУда йўналишлар жуда кўп. Айтайлик, тарих ва иқтисодиёт йўналишига топширган тавсияномалилар қандай қилиб ўзаро куч синашади?
Бунинг тартиби қуйидагича:
➖ тушуниш осонроқ бўлиши учун ЎзМУга 3 та грант, 7 та контрактга, жами 10 та жой берилган деб тасаввур қиламиз;
➖ айтайлик ЎзМУга жами 40 нафар ҳарбий тавсияномаси бор абитуриентлар рўйхатдан ўтди;
➖пастдаги 1-расмга қарасангиз, 40 абитуриент турли йўналишларга топширди ва ҳар бири турлича балл тўплади;
➖дастлаб 40 абитуриентнинг баллари ўзаро сараланади;
➖ЎзМУга ҳужжат топширган тавсияномалилар орасида энг юқори балл олган 10 нафар абитуриент қўшимча квотага қабул қилинади (2-расмда алоҳида ранг билан берилган). Демак, уларнинг дастлабки уч нафари грантга, кейинги 7 нафари контрактга олинади;
➖қўшимча квотага кира олмай қолган 30 абитуриент ўзининг бали билан умумий, эл қатори танловда иштирок этади, яъни бали етса киради, етмаса киролмайди;
➖расмга қарасангиз, имтиёзли квотага кирган 10 нафар абитуриент турли йўналишларни танлаганини кўрасиз. Агар бали кўпроқ бўлганда бошқа йўналишдагилар имтиёз асосида кирган бўларди.
Квоталарнинг йўналишлар кесимида эмас, ОТМлар учун умумий сараланишининг тартиби шундай.
Афсуски қабулга оид қарорларнинг бир мантиққа зид жойи ҳам бор. 4-10-ўринда контрактга кирган ҳарбий тавсияномалиларнинг бали умумий квотада бюджетга етиши ҳам мумкин эди.
Масалан, 4-ўринда турган Усмон 141,1 балл тўплаб психология йўналишига контрактга кирди. Аммо умумий квотада бу балл бюджетга етарди деб тасаввур қиламиз. Яъни агар Усмон тавсиянома олмаганда, у психология йўналишига бюджетга кирган бўларди. Лекин имтиёзлиларнинг бали аввал алоҳида ҳисобланиши туфайли у 4 йил контрактда ўқишга мажбур бўлади.
Бошқача айтганда Усмон учун имтиёз фойда бермади, аксинча зарар қилди.
Эҳтимоллар назарияси бўйича шунақа бўлиши мумкин. Қонунчиликдаги ушбу бўшлиқни бартараф этиш, агар имтиёзли абитуриент ўз кучи билан грантга кирса, уни контрактга ўтказмайдиган тизимни йўлга қўйиш керак. Шунда ҳам адолатли, ҳам мантиқий ечим бўлади.
Бешта йўналишни танлаганда, тавсиянома фақат 1-йўналишга ўтади. 2 ва ундан кейинги йўналишларда қўшимча квота берилмайди, умумий тартибда танловда қатнашилади.
Хуллас, тартиби шунақа. Қўшимча квота берадиган бошқа имтиёзлар (ногиронлар, хотин-қизлар, ички ишлар ва ҳарбийларнинг фарзандлари) ҳам мана шундай принципда ҳисобланади.
Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии
Вход
Заходите через социальные сети
FacebookTwitter