Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шахмат феномени: Интеллектуал миллат бренди

Шахмат феномени: Интеллектуал миллат бренди

Ўзбекистон ҳақида дунёда гап кетганда, кейинги йилларда футбол, бокс, дзюдо ёки кураш билан бир қаторда яна бир йўналиш алоҳида тилга олина бошлади – шахмат. Айниқса 2017 йилдан кейин шахмат бўйича ютуқларимиз шунчалик жадаллашдики, қандайдир 5-6 йил ичида Ўзбекистон интеллектуал оламда қандайдир ноунеймдан етакчи давлатга айланди.

Бу ўзгаришнинг кўламини рақамлар ҳам тасдиқлайди. 2026 йил июль ойи FIDE рейтингларида Ўзбекистоннинг икки шахматчиси – Жавоҳир Синдоров 2777 ва Нодирбек Абдусатторов 2766 рейтинг билан дунёнинг кучли ўнталигига кирган. Синдоров жаҳонда 4-ўринда, Абдусатторов эса 6-ўринда қайд этилган. Нодирбек Ёқуббоев эса 2685 рейтинг билан жаҳоннинг энг кучли 40 шахматчиси қаторида турди. Ўзи бўладими!

Демак, бу ерда гап биргина юлдуз эмас, бутун бошли авлод ҳақида кетмоқда. Ўзбекистон шахматида бутун бир тизим, авлод ва мактаб шаклланмоқда, спортнинг ушбу турига давлат даражасида эътибор қаратилмоқда. Яқинда Мустақиллигимизнинг 35 йиллигини нишонлаймиз. Келинг, мана шу байрам олдидан шахмат тахтасидаги натижаларга бир назар ташласак.

Болаликдан бошланган катта йўл: Абдусатторов ва Синдоров

Ўзбек шахматининг бугунги феномени тасодифан пайдо бўлмаган. Унинг марказида болалигиданоқ дунёга танилган шахматчилар турибди.

Нодирбек Абдусатторов 13 ёш 1 ой 11 кунлигида гроссмейстер унвонини қўлга киритиб, ўз вақтида шахмат тарихидаги энг ёш гроссмейстерлардан бирига айланган. 17 ёшли Абдусатторов 2022 йилги Ченнай Олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоасининг биринчи тахтасида ўйнаб, 11 партияда 7 та ғалаба, 3 та дуранг ва фақат 1 та мағлубият қайд этган эди.

Унинг карьерасидаги яна бир улкан босқич – 2021 йилда рапид бўйича жаҳон чемпиони бўлганидир. Ўша пайтда у Магнус Карлсен каби жаҳон шахматининг энг катта номларидан бирини ортда қолдириб, шахмат оламига жиддий даъвосини билдирган эди.

Жавоҳир Синдоровнинг траекторияси эса янада ғайриоддий.

У 10 ёш 9 ойлигидаёқ халқаро мастер унвонини олди, 12 ёш 10 ой 8 кунлигида гроссмейстер бўлди ва ўша вақтда тарихдаги "иккинчи энг ёш гроссмейстер" сифатида қайд этилди.

Бу рақамларнинг ўзиёқ Синдоров феноменининг кўламини кўрсатади.

Аммо энг муҳими – ёш рекордлари эмас, болаликдаги умидни катталар шахматидаги натижага айлантиришдир. Кўплаб шахматчилар ёшликда феномен бўлиб кўринади, лекин юқори даражадаги профессионал шахматнинг босими, тайёргарлиги ва психологик юкини кўтара олмайди.

Синдоров эса аксинча, йил сайин ўсди.

Бунинг энг яхши исботи – 2025 йилги Жаҳон Кубоги. 206 шахматчи иштирок этган мусобақада Синдоров ғолиб бўлди. У финалда хитойлик Вэй Ини тай-брейкда енгиб, чемпионликни қўлга киритди ва Жаҳон Кубоги тарихидаги энг ёш ғолибга айланди.

Демак, Ўзбекистон шахматидаги иқтидорлар шунчаки «болалар турнири ғолиблари» эмас. Улар жаҳон шахматининг энг юқори босқичига чиқиб, у ерда катта натижа кўрсатаётган профессионаллардир.

Олтин авлод: битта юлдуз эмас, бутун жамоа

Ўзбекистон шахматининг энг катта ютуғи – икки нафар суперюлдузнинг пайдо бўлиши эмас. Энг муҳим жиҳат – уларнинг атрофида бутун бир кучли авлод шаклланганидир.

Бунинг энг ёрқин исботи 2022 йилги Ченнай шахмат Олимпиадаси бўлди.

Ўзбекистон терма жамоаси Нидерландияни сўнгги турда 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритди. Жамоа 11 тур давомида бирор марта ҳам мағлубиятга учрамади.

Ўша жамоанинг ўртача ёши жаҳон шахматидаги асосий фаворитларга нисбатан жуда кичик эди. Абдусатторов, Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Жаҳонгир Воҳидов ва Шамсиддин Воҳидов каби шахматчилар бир жамоа таркибида катта саҳнага чиқишди.

Бу ғалаба Ўзбекистон шахматидаги «олтин авлод» тушунчасини шакллантирди.

Синдоров: Жаҳон Кубогидан жаҳон чемпионлиги тахтигача

Жавоҳир Синдоровнинг сўнгги икки йиллик фаолияти Ўзбекистон шахматидаги ўсиш суръатини тушуниш учун алоҳида ўрганишга арзийди. 2025 йилда у Жаҳон Кубогида ғолиб бўлди. Бу натижа унга 2026 йилги Номзодлар мусобақасида иштирок этиш ҳуқуқини берди.

Номзодлар мусобақаси эса оддий турнир эмас, жаҳон чемпионига қарши ўйнаш ҳуқуқини берадиган энг муҳим мусобақадир. 2026 йил 28 март - 16 апрель кунлари Кипрда ўтказилган Номзодлар мусобақасида Синдоров 8 нафар элита шахматчи орасида биринчи ўринни эгаллади ва жаҳон чемпиони унвони учун даъвогарга айланди.

Шу тариқа унинг йўли бир неча босқичдан иборат занжирга айланди: болаликдаги рекорд, гроссмейстерлик, Олимпиада чемпионлиги, Жаҳон Кубоги ғолиблиги, Номзодлар мусобақасидаги ғалаба ва ниҳоят жаҳон чемпионлиги учун бўладиган ўйин.

Бу занжир тасодифий серия эмас, балки элита шахматчиси шаклланганининг белгисидир. Синдоров энди жаҳон чемпионлиги учун Гукеш Доммаражжуга қарши ўйнайди. 2026 йилги жаҳон чемпионлиги ўйини Женевада 25 ноябрь – 15 декабрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган. 14 партиялик классик матчда 7,5 очко тўплаган шахматчи ғолиб бўлади.

Бу тарихий қарама-қаршиликнинг яна бир ўзига хос томони бор: икки шахматчи ҳам 20 ёшда бўлади. Демак, шахмат тарихидаги энг ёш жаҳон чемпионлиги матчларидан бири кузатилади.

2026 йил – ўзбек шахматининг юксалиш йили

Агар 2022 йилни «олтин авлоднинг жамоавий тасдиғи» десак, 2026 йилни «глобал элитага даъвонинг расмийлашган йили» деб аташ мумкин.

Бир йилнинг ўзида Ўзбекистон шахматида бир нечта улкан воқеа бир нуқтада туташмоқда.

Бир томонда – Синдоровнинг Номзодлар мусобақасидаги ғалабаси.

Иккинчи томонда – Абдусатторовнинг жаҳоннинг кучли олтилигида туриши.

Учинчи томонда – Нодирбек Ёқуббоевнинг ҳамон 2600+ супер-гроссмейстерлар қаторида экани.

Тўртинчи томонда – Самарқандда шахмат Олимпиадасининг ўтказилиши.

2026 йил 15-27 сентябрь кунлари Самарқандда 46-Шахмат Олимпиадаси бўлиб ўтади. FIDE маълумотига кўра, Будапештдаги Олимпиадада 193 та очиқ ва 181 та аёллар терма жамоаси қатнашган бўлса, Самарқандда бу рекорддан ҳам юқори кўрсаткич кутилиши айтилмоқда.

Демак, Ўзбекистон нафақат шахматда юқори натижа кўрсатаётган давлат, балки энди жаҳон шахматининг энг йирик тадбирларидан бирини қабул қилаётган мамлакатга ҳам айланмоқда.

Бу – спорт дипломатияси нуқтаи назаридан ҳам катта имконият.

Дунёдаги энг кучли шахматчилар Самарқандга келади. Миллионлаб шахмат мухлислари эътибори Ўзбекистонга қаратилади. Ўзбекистоннинг тарихий шаҳри нафақат сайёҳлик, балки интеллектуал спорт маркази сифатида ҳам намоён бўлади.

Silk Road Samarkand — Ўзбекистоннинг янги ташриф қоғози

Шахмат Олимпиадасини Самарқандда ўтказишнинг ўзи катта воқеа. Аммо уни қаерда ўтказиш ҳам тадбирнинг халқаро имижи учун муҳим аҳамиятга эга. 46-Шахмат Олимпиадаси Silk Road Samarkand туристик мажмуасидаги замонавий EXPO Centerда бўлиб ўтади. FIDE расмий ҳужжатларида ушбу майдон катта халқаро тадбирларни қабул қилиш учун мўлжалланган, замонавий техник жиҳозлар, кенг заллар ва иштирокчилар ҳамда меҳмонлар учун зарур инфратузилмага эга марказ сифатида кўрсатилган.

Бу танловнинг рамзий маъноси ҳам бор.

Шахмат — асрлар давомида Шарқ ва Ғарбни боғлаб келган интеллектуал маданиятнинг бир қисми. Самарқанд эса қадимдан Шарқ ва Ғарб цивилизацияларини туташтирган Буюк ипак йўлининг энг муҳим марказларидан бири бўлган.

Энди ана шу тарихий шаҳарда дунёнинг 200 га яқин мамлакати вакиллари шахмат тахтаси атрофида жамланади. Бошқача айтганда, Буюк Ипак йўли руҳидаги Самарқанд замонавий интеллектуал мулоқот майдонига айланади.

Феноменни тизимга айлантириш – энг катта вазифа

Шу ерда энг муҳим савол пайдо бўлади: “Ўзбекистон шахмати бу авлоддан кейин ҳам шундай даражада қоладими?”

Чунки спорт тарихида бир авлоднинг муваффақиятини кўриш бошқа, уни тизимли мактабга айлантириш бошқа. Ишонч билан айта оламизки, насиб қилса Ўзбекистон шахмат оламида узоқ йиллар етакчи бўлиб қолади. Ўзбекистонда яна ёш шахматчилар етишиб чиқмоқда, уларга давлат даражасида эътибор қаратилмоқда. Оммавий шахмат базасини янада кенгайтириш, мураббийлар мактабини кучайтириш учун кўп ишлар амалга ошириляпти.

Синдоров ва Абдусатторов феноменлари бир нарсани исботлади: Ўзбекистон – иқтидорлар мамлакати. Бу иқтидор етарлича қўллаб-қувватланганда нималар рўй беришини эса, шахмат тахталарида кўриб турибмиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг