Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Айбдор ким, ҳарф танимаган ота-онами, анъаналарми, мактабми ёки ишсизлик?

Айбдор ким, ҳарф танимаган ота-онами, анъаналарми, мактабми ёки ишсизлик?

Фото: «Xabar.uz»

Лўлидан чиққан олим, тарих фанлари номзоди Хол Назаров лўлиларнинг Марказий Осиёга келиб ўрнашиши тарихи, турли этнонимлари, маданияти, анъаналари, муаммоларни ичкаридан ўрганиб ёзган диссертациясида миллат болаларининг мактабга тўлиқ жалб этилмаганини алоҳида таъкидлаганди. (Диссертация 1971 йил 8 январда Москвада ҳимоя қилинган).

Орадан ярим аср ўтибдики, гарчи етмишинчи йиллар даражасида бўлмаса ҳам, лўли болалар орасида мактабдан ташқарида қолаётганлар кўплиги ҳамон жамиятнинг энг оғриқли нуқталаридан бири.

Аввало шуни айтиш керак, Самарқанддаги лўлилар орасидан бир неча олим, шифокор ва ўқитувчи чиққан. Яқин йилларда ҳам олий таълим даргоҳларини битирган ва айни вақтда университет, институтларда ўқиётганлар бор. Лекин бармоқ билан санарли пешқадамлар, чаласавод, ҳатто умуман саводсиз қолаётган юзлаб ўғил-қизларнинг келажагидан хавотирни аритмайди.

Самарқанд шаҳридаги 25-умумтаълим мактаби.

Самарқанд шаҳрида бир неча маҳаллаларда лўлилар компакт тарзда яшайди. Лўли болалари бориши керак бўлган мактаблар ҳам ҳудудга кўра бир нечта. Уларнинг кўпчилигида лўли, ўзбеку тожик болалари аралаш тарзда ўқишади. Лекин, мавзуни ўрганиш учун биз тасодифий тарзда танлаган 25-умумтаълим мактаби ўқувчилари 100 фоиз лўли ўғил-қизларидан иборат бўлиб чиқди. Қизиғи, мактаб жойлашган «Шарқ» маҳалласида ўзбек, тожик миллат вакиллари ҳам яшашади. Уларнинг болалари шундоққина «25»нинг ёнидан ўтиб, бошқа мактабга йўл олишади.

Биринчи таассурот

Илк марта бу мактабга борганим: ноябрь ойидаги таътил кунларидан бири эди. Ичкарида ўқитувчилар йиғилиши ўтказиляпти. Масъуллар бўшашини ҳовлида кутдим. Мактаб қоровули келиб ёнимга ўтирди. Лўли йигит. Исми Жаъфар экан. Тўнғич фарзанди саккиз ярим ёшда экан, у ҳали мактабга келмаган. «Нега?» дейман ҳайратимни яширолмай. Бир ундан деди, бир бундай деди, «Ҳамма ерда касал (коронавирус)», деб қутулган бўлди. Онлайн ўқиш мумкин дедим мен. Жаъфар 400 минг атрофида маош олишини айтди...

Директор Фарҳод Ғаффоров ушбу мактабда иш бошлаганига уч йилдан ошяпти. У даргоҳ билан яқиндан таништиради. Мактаб 1936 йили қурилган. Кўринишидан харобаликни илғамайсиз, аксинча, қадимий ва вақтда мустаҳкам бино. 420 ўринга мўлжалланган, аммо 2020 йилгача таълим муассасасида спорт зал, фаоллар зали, буфет бўлмаган. «Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов келиб, аҳволни ўргангандан сўнг бюжет ҳисобидан қурилиш ишлари бошланди. Қўшимча объект битказиб топширилди» — дейди Ғаффоров.

Фарҳод бу мактабга келган йили 3 та 1-синф ташкил қилганини гапириб берди: «7 ёшлиларни 1-«А» га қабул қилганмиз. 1-«Б» га 8 дан 9, 10 ёшлиларни олаяпмиз. 1-«В» синфига 10 дан юқори 14 ёшгача ўқувчи қабул қилганмиз».

Самарқанд шаҳридаги 25-умумтаълим мактаби директори Фарҳод Ғаффоров.

Хўш, 9, 10, 11... ва ундан катта ёшдаги болалар нега шу маҳалгача мактабга жалб этилмаган? Туғилганлик тўғрисида гувоҳномаси бўлмаган. Нега гувоҳномаси бўлмаган? Чунки, ота-онаси ЗАГСдан ўтмаган. Нега ўтмаган? Никоҳ ёшига етмай оила қурган. Қандай қилиб? Анъаналарга кўра, олиб қочган.

Фарҳоднинг айтишича, «метрика»си бўлмаса ҳам маҳалла, ички ишлар бўлими ходимлари билан биргаликда маҳалланинг ўзида хатлов тайёрланган ва шу асосда мактабга олина бошланган.

Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Гулсанам Муҳиддинова рўйхатда болалар сони ошгани билан давомат муаммолигича қолаётганини таъкидлади: «Ота-оналарнинг кўпчилиги ҳарфни танимайди, бола мактабга келса-да, айниқса, бошланғич синфда уй вазифасини бажармаса, камига катталар билан ишга чиқиш учун кунда, кунора мактабга кўриниш бермаса, ҳарфларни вақтида ўрганиб бормаса, кейин орқада қолаверади...»

Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Гулсанам Муҳиддинова.

«Турли баҳона билан келмайдиган ўқувчиларимиз кам эмас, — дейди Гулсанам, — ёмғир ёғса, уйимни сув босди дейди, пойафзалимдан сув ўтди, дейди. Лекин тадбир қилсак 100 фоиз келади, тадбир уларнинг жони дили. Мусиқали кечалар уюштиришга ҳаракат қиламиз. Лекин эртасига яна шу аҳвол». «Дейлик, битта хонадонда 4 та ўқувчи бўлса-ю, биттаси мактабга келмайдиган бўлса, тўртови ҳам келмайди», — куйиниб гапиради муаллима.

Елим идиш териш, укасига қараш, устага ёрдам учун мактабга келмаган

Самарқанд шаҳридаги 25-умумтаълим мактабида иккинчи марта апрелнинг ўрталарида бўлдим. Қўнғироқ жаранги, болалар қий-чуви билан бу гал мактаб файзлироқ кўринди. Аввало Жаъфарни излаб топдим. Қизи тўққизга кирибди, лекин ҳануз мактабга олиб келинмаган. «Касал деярли тугади-ку» дейман. «Йўқ, мактабга бермайман, кейингиларини берарман» деди хотиржам...

Ўқитувчилар хонасига қадам қўйишим билан, ортимдан бир ўқитувчи 3 ўқувчини эргаштириб кирди. Кеча мактабга сабабсиз келмаган 2-синф ўқувчилари, дейишди. Оппоқ кўйлакларда, оқ ювиб, оқ таралган. Одоб билан бошларини эгаб туришибди. Бўйи узунроқ бола кеча дадаси билан ишга чиққанини айтди. Иш дегани ахлат қутиларидан елим идишларни териб олиш экан. Анави ўғил ва қизалоқ ака-сингил. Акаси онам касал эдилар дейди, синглиси эса укаси бетоблигини айтади...

«Ҳар куни шу аҳвол».

Ўқувчилар чиқиб кетгач, Гулсанам «Опа, ҳар куни аҳволимиз шу» дейди. Кейин ўтган беш ойда ўтказган қатор тадбирлардан видео ва суратларни кўрсатади. Қўшиқда, рақсда иқтидорлилар кўплигига амин бўламан.

Шу топда бир дафтарни беришди. Оддий ручкада чизилган нақшлар жуда гўзал ва ўзига хос эди. Муллифни сўрадим. «7-«А» синф ўқувчиси Суннат Амонов ҳам бугун мактабга келмаган». Уйи мактабнинг рўпарасида экан, чақириб келишди. Усталарга қараётганини айтди. «Жума куни келдим-ку. Жавоб сўраганман» деди. Ўз устида ишласа, мактабда яхши ўқиса ундан ажойиб рассом чиқишини айтаман. Уйда яна дафтарларим бор дейди.

Иқтидорли ўқувчи Суннат Амонов ижодидан намуналар.

Суннатнинг оиласи беш киши — отаси, онаси, ўзи ва икки укасидан иборат, аммо ҳозирда ота-онаси икки укасини олиб Қозоғистонга кетишган. Ўша ерда ишлашяпти. Тўрт ойдан буён мактабда партаси бўш қолаётган 5-синф ўқувчиси Бўри учун акаси Суннатнинг боши эгилади.

Суннатнинг айтишича, синфда 7-8 нафар бола ўқиркан. Ўқитувчилар ҳолатга ойдинлик киритишади. «Бугун келмагани эртага келади, бугун келгани 2-3 кун қаергадир кетиб қолади, уйига бориб ҳам тополмаймиз». Англашилича, кўпгина ўқувчиларда ора-орада мактабга келмай туриши нормал ҳолат деган тушунча шаклланган. Суннатдан уйдаги дафтарларини олиб келишини сўрайман. «Ҳозир олиб келаман» дейди. Лекин келмайди. (Ҳафта сўнгида ҳам у ҳамон мактабга келмаган эди. Уйига бордим, уйда ҳам йўқ эди...)

Биринчи сменада дарслар тугаб, ўқитувчилар атрофимда тўпланиб қолишди. Суҳбатимиз шунчалик самимийлашдики, эрталаб комиссия келаяпти, дегандаги ҳолатни ўзимга гапириб беришади. (Келишимдан ярим соатча аввал қўнғироқ қилгандим).

Болалар қий-чуви билан мактаб жонлангандек...

— Комиссия келяпти, қизингиз мактабга келмади десам, отаси қизи чақалоққа қараётгани, онасини эса кечадан буён ички ишлар бўлимида ушлаб туришганини айтди. Ҳеч бўлмаса бир соатга етиб келсин дедим, иккинчи дарсга кириб келди, дейди ўқитувчи. Маълум бўлишича, эмизикли синглисига қарайдиган қизча 13 ёшда экан.

Яна бир ўқитувчининг айтишича, унинг 5-синфдаги Фотима-Зуҳра ўқувчилари ёшига тўлаётган укаларига қараш учун навбатлашиб мактабга кунора келишаркан. Бу оилада она Қозоғистонга ишлашга кетган...

Амир Темур портретини чизган Шоҳжаҳон.

Кичик таҳлил

Давомли равишда «прогул»лар бора-бора мактабдан тамоман узилишга олиб келади. Ота-онасининг қаергадир ишга бораётганда боласини бирга олиши ёки ўқитувчи талаби (давомат борасида бўлсин, дарсни тайёрламагани ёки мактаб кийими, тартиби ҳақида бўлсин) яхшигина баҳона бўлиб, ўғил-қизлар мактабга умуман келмай қолган ҳоллар кам эмас. Шу тарзда синфда ўқувчилар сони йилдан-йилга камайиб бораверади.

«Ўқитувчилар хона»сида шкафда қолган синф журналларини (бу синфларда дарс 2-сменада) бир-бир варақлайман.

  • 3-«А» да 24 та ўқувчи қолган (27 нафардан 3 таси умуман келмайди).
  • 4-«А» да 29 та (31 ўқувчидан 2 таси таълимдан буткул узоқлашган).
  • 5-«А» да 22 нафар ўқувчи қолган.
  • 5-«В» да 16 та ўқувчи қолган (5 та бола таълимдан тамоман узоқлашган).
  • 6-«В» да 12 та ўқувчи (журналдаги қайд).

Мактабга келмай қўйганлар сифатида 11-синфдаги 17 ўқувчидан 6 нафарининг исм-шарифи (2022 йил 26 февралда) тегишли идораларга жўнатилган. Шу ўринда айтиш жоиз: бу 6 нафар ўқувчининг биттаси 18 ёшда, иккитаси 19 ёшда ва учтаси 20 ёшда. Уларнинг уч нафари қизлар.

Ўқитувчилар ҳам, миллат вакиллари, қатор ҳолатларда қизлар ким биландир қочиб кетишидан хавотирланиб 6, 7-синфданоқ мактабга юборилмаслигини таъкидлашди.

Бир қисм лўли оилаларида ҳатто ўғил болалар ҳам мактабда 3, 4 йил ўқишга бориши етарли, деб ҳисобланади. Ҳар ҳолда бу 6 нафар йигит-қизларнинг кўпчилиги, балки ҳаммаси мактабга қайтмагани эҳтимоли катта.

Бу аёлнинг мактаб ёшидаги фарзандлари ўқишга бормайди.

Лўлилар орасида бориб уй-жойни тозалаш, гилам ювиш, маъракаларда идиш-товоқ саришталаш билан шуғулланадиган хотин-қизлар ҳам бор. 32 ёшида (!) набира кутаётган шундай аёллардан бири «учинчи ва бешинчи синфда ўқиётган ўғилларим учун маълумотнома олиб бера оласизми?» дея сўради. Аёл эри билан Тошкентга қидириб боришида (ишни улар шундай аташади) шу болаларини ҳам бирга олиб кетмоқчи. Шунга рухсатнома истаяпти! «Уй олишим керак, опажон, мусиркада иш яхши экан, Самарқанддан кўплар бориб ишлаяпти, уйча бериб қўяркан, баклажка, картонни одамлар ташлаб кетган мусирдан ажратиб оларкансиз. Пўчоқ, нон ҳам чиқаркан...»

– Кейин болаларингиз ўқиши нима бўлади?

– Хай, нима қилай? Лекин иккиси ҳам ўқий олади, шаррос бўлмаса ҳам газ, светдан келган қоғозларни аста-аста ўқиб беради, – ўзининг ҳақиқатини исботламоқчи бўлади у...

Мактаб остонасидан ўтмаганлар

Мактабга «прогул»лар билан қатнаш ҳолатлари ҳали «ҳолва» экан. Мавзуни ўрганиш жараёнида умуман мактаб остонасини босмаган ўнлаб йигит-қизлар билан суҳбатлашишга тўғри келди.

«Фидойилар» маҳалла марказида ҳинд киноактрисаларини эслатувчи, кўз-қошлари ёниб турган икки қизни учратдим. 17 ёшли Диёра ва унинг 19 ёшли тоғаваччаси Меҳрангиз. Иккаласи ҳам мактабга қадам қўймаган. Улар маҳалла марказига иш топиб беришни сўраб келишган. Фаррошлик ишини. Диёранинг айтишича, уни тикувчиликни ўргатамиз, деб ишга олишган. «Уддалай олмадим» дейди қизгина.

Сиёб деҳқон бозорида лўли болалар эртадан кечгача айланиб юришади.

Диёранинг онаси Гулзода Саидованинг ҳам саводи йўқ. У ўзининг туғилган санаси ҳақида «саксон нечи эди-да, билмайман» дейди. Унинг 6 нафар фарзанди бор, катта қизини узатган, у ўқимаган бўлса ҳам оиласини эплаб турганига ишора қилади. Ундан кейин 2005 йилда туғилган Диёрани ҳам мактабга беришмаган. Айни вақтда ўқиши керак бўлган яна бир қизи ҳам мактабдан ташқарида қолмоқда. Энди тўртинчи фарзанди Ўғилой мактаб ёшига етяпти. «Шароитимиз оғир бўлгани учун мактабга беролмаганман. Ёрдам берсангизлар, Ўғилойни мактабга ўқитардим. Нега ўқитмайин?», дейди у. Англашилишича, ёрдам деганда мактаб формаси, мактабнинг ўзига хос харажатлари назарда тутилган. Аёл ёнидаги 5 ёшли озғин, жуссаси ёшидан анча кичкина боласи юрагида пароги борлигини айтади, унга бериладиган нафақа дориларига етмаслигини таъкидлайди.

25-мактаб ичкарисидаги дарахтлар панжара оша ташқарига ҳам соя солади. Ана шу ерда ўртоғи билан гаплашиб турган йигит ўзини Парвиз, деб таништирди. У 20 ёшда. «Болалигимдан Москвадаман. У ерда турли ишларни бажарганман. Сўнгги ишим металл юкловчилик – грузчик бўлганман. Телефонда чақиради, борамиз, юклаймиз, пулимизни олиб квартирага қайтамиз...». Парвизнинг укаси ҳам Москвада улғайган. Акаси ҳам. Уларнинг бирортасида мактабда ўқигани ҳақида на шаҳодатномаси ва на аттестати бор. Йигитлар мактабга фақат сояда ўртоқлари билан суҳбатлашиш учунгина яқинлашадилар. Эҳтимол, суҳбатларда Россияга яна қачон жўнаши ҳақида ҳам тўхталар...

Мактабга бормаган 20 ёшли Парвиз камерага қарашни истамайди.

Кейин Сиёб бозоридаги бирда лўли фолбинлар атрофида ўралашиб, бирда бозорнинг истаган бурчагида ўйнаб юрган 9, 12 ёшлар орасидаги ўғил ва қизларнинг ўқиши билан қизиқдим. «Уларнинг мактаби шу ер» — яқинларидан олган жавобим шу бўлди.

Сўнг бозор ташқарисида елим идишли халтани елкасида кўтариб бораётган 4-5-синф ўқувчиси ёшидаги икки қизалоқни тўхтатдим. Сочлари патак бўлиб кетган қизчалар. Айтишларича, мактабга ҳаётда бир марта ҳам боришмаган. Бироқ пул санашни ўрганишган. Кунига бир халта баклашка тўплаш мумкин, дейишди улар. Қизлар топган пулларини уйга олиб бориб беришади: «Нон ва бошқа егуликлар учун ишлатамиз».

Қизчалар халтада чиқинди елим идишларни олиб кетишаяпти.

Оқшомлари маҳалла ҳудудида жойлашган қабул қилиш нуқтасида узун навбатда эшак аравалару, «Жигули» капотларида елим идишлару картон қоғозлар ва металл парчаларини ортган катталар қаторида халталардаги чиқиндилари билан келган мактаб ёшидаги болаларни ҳам учратиш мумкин. Эслатиб ўтамиз, бир килограмм елим идиш учун икки ярим минг сўм тўланади. Елим идиш қурғур енгил, бир халтаси 4 килоча чиқаркан.

Отаси Швецияда ўқисин дейди, қизи Лондонни орзу қилади

...Умрини таълим соҳасига бағишлаган, Шариф Набиевнинг набираси Садри Набиев хонадонида илмга эътибор катта.

Садрининг тўнғич фарзанди, 17 ёшли қизи СамДУ талабаси. Ўғли эса компьютер технологиялари соҳасига ихтисослашаяпти, академик лицейнинг аълочи ўқувчилардан бири. Яна бир ўғил ва бир қизи мактаб ўқувчилари, улар ҳам аъло баҳоларда ўқимоқда.

Садри Набиев аёли билан фарзандларини олий таълимга рағбатлантирадилар.

Садри Набиев 45 ёшда. Фикрлари соғлом, ҳар бир гапини аниқ-таниқ мисоллар билан лўнда қилиб тушунтиради. Жуда оптимист. «Мен ўзимни ривожлантириш учун лўли эканим ҳеч қачон ҳалақит бермайди», деган тушунчани илгани суради. У ўрта махсус таълим даргоҳида таълим олган. Олий таълим олмаганини билим даргоҳини битирган йиллари хорижга йўл очилгани ортидан дунёни кезгани билан изоҳлайди. Айтишича, у шунчаки саёҳат қилмаган, қатор касбни ўрганган, ишлаган.

Набиевлар хонадонига 5-умумтаълим мактаби яқинроқ. Болалар ҳаммаси шу мактабга берилган. Бу мактаб Самарқанд шаҳридаги намунали мактаблардан бири ҳисобланади. Даргоҳда турли миллат болалари ўқишади. «Менинг болаларим касал бўлиб бир кун мактабдан қоладиган бўлса йиғлайди. Ўқитувчисига қўнғироқ қиламиз» обдон тушунтиради суҳбатдошим.

Садри 25-мактабдаги ҳолатни эса илм даргоҳи узоқ йиллар давомида энг қуйи поғонага тушиб кетганидан, деб билади: «Ўн йилларки, бу мактаб болаларининг кўпчилиги дарс вақтларида кўчаларда юради, ота-оналар, ички ишлар ходимлари билан ишлаш керак»

Суҳбатдошимдан фарзандларини қандай рағбатлантиришини сўрайман. Маълум бўлишича, бу оилада ота-она фарзандларига яхши дўст экан. «Рамазон ойи. Ҳар саҳар болаларим билан биргаликда ният қиламиз. Бомдодни болалар билан биргаликда ўқиймиз. Кўп суҳбатлашамиз. Гоҳида баҳслашамиз ҳам». Болалари ўтган йили ўз кучлари билан ўқишга кирганда уларга нима совға қилиш ҳақида савол ташлаган. Қизи телефон, ўғли компьютери бўлса ҳам янги русумдагини сўраган. Садри эса уларнинг айтганини олиб берган.

Садри етук мутахассис бўлишни хоҳлаётган қизининг Европада ўқиш истагини қувватлайди. Лекин бу масалада фикрлар қарама-қаршилиги ҳам бор. Дадаси Швецияда танишлари борлиги учун қизини шу мамлакатда ўқишини истайди. Қизи эса Лондон олий даргоҳларини орзу қилади...

Самарқанддаги лўли маҳаллаларини оралар эканман, эшиклари олдида тўп-тўп бўлиб ўтирган хотин-қизларни суҳбатга тортаман. Улар орасидан «10 синф ўқиганда ҳам барибир тачкачи ёки тиланчи бўлади» дейдиганлар топилди.

Фотима Казакова «Ўқишни билмай, кўзимиз кўр бўлиб ўтаяпмиз» дейди.

57 ёшли Фотима опа Казакова эса бошқача фикрлайди. «Вақтида ота-онам ўқитмаган, бу дунёдан ўқишни билмай мисли кўр бўлиб ўтиб кетаяпман» дейди. У меҳнат стажи орқали пенсияга чиққан камёб лўли аёлларидан. Ўн йил болалар боғчасида энага бўлган, сўнг яна шунча вақт 25-мактабда фаррош бўлиб ишлаган. «Катта қизим мактабни битирар пайтда катта ўқишга кириш учун пул бериш кераклигини билиб ҳафсаласи пир бўлди. Энди ўзининг болалари мактабга бораяпти. Ҳозир инстутга пулсиз ҳам киришаяпти экан-ку». Фотима опа болалар мактабда рисоладагидек ўқиши учун бирибир таъминотнинг ўрни муҳим, деб ҳисоблайди.

«Чарчадим, ишдан кетаман...»

Самарқанд шаҳридаги 25-мактаб ўқитувчилари қаҳрамон деб атагим келди. Аксар ҳолларда байрамларда, лоақал ҳовлидан узилган гулга ҳам лойиқ кўрилмайдиган устозлар улар («400 та боладан 4 таси уйидан гул олиб келиши мумкин»  деди муаллима). Исталган кун, исталган соатда тўғри синфхонага кириб қайсидир она ниманидир важи билан жанжал қилишидан юраги зириллаб қолган муаллималар. Тадбирлар кунида ўқувчиларига она бўлиб саҳна кийимларини ўзлари топиб келадиган фидойилар. Қизалоқлар сочларини ўзлари ўриб, ўзлари оппоқ ленталар тақиб қўядиган энага-ўқитувчилар.

Наврўз байрами тадбирида.

Онлайн ўқиш даврида устозлар энг оғир аҳволда қолган мактаб эди — 25-мактаб. Ўқувчиларнинг аксарида онлайн таълимга ярагулик телефоннинг ўзи йўқ эди...

Турмуш ўртоғи мактаб кўрмаган, ўзи ҳам ҳарф танимайдиган, фарзандларидан бирортасини ўқитмаган кўп болали Гулзода Саидова 25-мактаб ҳақида «ўқитувчилари билимсиз» деди. Фикри исботи сўралганда қайсидир қўшниси Беҳрўзнинг шу мактабга қатнаб (мунтазам қатнадимикан?) ўқий олмаслигини рўкач қилди.

Садри Набиев эса «Нега 5-мактабда ўқийдиган лўли болаларининг аксарияти яхши ўқийдию, 25-мактабдагилар ёмон ўқийди?» деб даргоҳларни таққослади. Кучли мутахассисларни кўпроқ жалб қилиш кераклигини такрорлади.

Боласини мактабга жўнатмаётган яна бир лўли аёл «ўқитувчилар болаларни миллатга қараб ажратади» деди. «Бу мактабда бошқа миллат боласи йўқ-ку», дейман. У бир пас каловланиб қолади, енгилгиси келмайди: «Э-э, барибир бизни жўги дейишади-да».

25-мактабда ҳам аълочи, иқтидорли ўқувчилар топилади, лекин жуда кам. Мактабга келгани учунгина ва ёки эртага келмай қолмаслиги учун яхши баҳо қўйилган жойлар бор. Ўқитувчиларнинг энг чидамлиси, энг фидойиси узоқ йиллар ишлаяпти. Бироқ кадрлар қўнимсизлиги доимо оғриқли «дард».

Биз мактабда бўлган кунда ҳам бошланғич синф ўқитувчиларидан бири ишдан бўшаш учун ариза қолдириб кетган экан. «Чарчадим, деди. Ўқитувчиларимизга осон эмас», Гулсанам Муҳиддинова бўлмаганда, яна бир ой чидаб беришга бардоши етмаган ҳамкасби ҳолатини тушунтирган бўлади.

Ноябрь ойида 24 нафар ўқитувчи орасида бирорта ҳам лўли миллатига мансуби йўқ эди. Кейинги сафаримда жамоага лўли йигит келиб қўшилганини айтишди. «Ўрта махсус маълумотли бўлса ҳам тиришқоқ йигит», дейишди ҳамкасблари.

Ўтган йилгача бу мактабда олий тоифали тугул, 1-тоифали ўқитувчи ҳам бўлмаган. Ҳозирда аста-секинлик билан тоифалар кўтарилаяпти.

Дилрабо Чўлиева «ўқувчиларимнинг ҳар бирини ўз боламдек яхши кўраман» дейди.

Бошланғич синф ўқитувчиси Дилрабо Чўлиева 25-мактабда 4-босқич талабалигидан (2009 йил) буён ишлайди. «Қайси миллатда бўлмасин бола – бу бола. Уларнинг мактабдан ташқарида қолаётган қисми учун болаларнинг ўзларини айблаб бўлмайди. Мен ўқувчиларимга меҳр қўйганман, ҳар бирини ўз боламдек яхши кўраман» дейди у.

Лўли болаларни мактабга қандай қайтариш мумкин?

Гулсанам Муҳиддинованинг маълум қилишича, мунтазам дарс қолдираётган ва энди буткул мактабга келмаслиги хавфи бўлган болалар рўйхати чора кўриш учун тегишли идораларга жўнатилган. 2021 йилдаги худди шундай рўйхатда 50 дан ортиқ ўқувчи қайд этилган бўлса, 2022 йил 26 февраль санаси билан юборилган хат иловасидан 80 дан ортиқ фамилия ўрин олган.

«Фидойилар» маҳалласи ёшлар етакчиси Дилафрўз Бурҳоновага кўра, бола мактабга бормаётгани ҳақида хат келганда, маҳалла оқсоқоли, участка нозири билан уйига боришади. «47-модда билан бир ярим миллион штарф қиламиз дейишга мажбур бўламиз. Битта-икккитаси қўрқиб юборади. Лекин кўплари юбормайди, шароитим оғир ёки болам менга қарашади, бирга бакалажка йиғамиз, дея бирор баҳона топади. Кўплари ота-онаси билан Қозоғистонга оилавий чиқиб кетган», дейди Дилафрўз.

«Фидойилар» маҳалласи Ёшлар етакчиси Дилафрўз Бурҳонова.

Самарқанд шаҳар ички ишлар органи фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳуқуқбузарлик профилактикаси бўлими вояга етмаганлар масаласи бўйича инспектор-психологи Улуғбек Тангировнинг айтишича, лўли болалари орасида руҳий тушкунликка тушган ҳолат аниқланмаган: «Улар ҳатто тушкунликка тушганда ҳам ўзларини олиб қочадилар, билдирмайдилар».

Улуғбек болаларни мактабга қайтаришнинг ягона йўли сифатида ҳозирда уларни жаримага тортиш билан қўрқитиш нисбатан самара бераётган усулдек кўринади, дейди. «Гоҳида эса айнан шундай тарғибот акс таъсир кўрсатади – таъкидлайди психолог. – Ота-оналарнинг онгини ёритишга ёрдам бериш муҳим» .

Фаол лўлилардан Садри Набиев ҳамма ёмон иллатларнинг отаси илмсизлик, дейди. Садри Самарқанддаги миллатдошларининг камида 50-60 фоизи тиланчилик қилишини яширмайди: «Ёлғиз чиқиб бир сўм топса, боласини олиб чиқса, икки сўм бўлади. Бола пул топаяптими, у ўқишга қизиқмайди. Болалар асосан светофорлар олдида тиланчилик қилади. Қаерга борсанг, светофор олдида болалар, нечтасини мошин уриб кетди. Йўллардами, ахлатхоналардами, қаерда бўлмасин, ички ишлар тизими, бошқа масъул идоралар ходимлари рейдларда болаларни топиб, мактабга қайтаришнинг йўлини қилиши керак».

Мактаб болалари орасида арава судраётганлари бор.

Мактаб жамоаси даргоҳда бошқа миллат болалари ҳам келиб қўшилганда, уларнинг таъсири бўлади деган фикрда. Лекин яқин-атрофдаги оилалар болаларини айнан шу мактабга бермайдилар. Ўқитувчилар келгуси ўқув йилидан ўз болаларини 25-мактабга ўқиш учун олиб келиш тажрибасини қўллашмоқчи.

Мактаб директори Фарҳод Ғаффоров эса «ота-оналар фарзандлари ўқишига ёрдам беролмас экан, зарар ҳам бермасин, фақат дам олиш кунида уйига боришга имкон берадиган мактаб-интернат очиш масаланинг ечими бўлади» дейди.

Садри эса лўли болалари учун имтиёзли боғча очилса, самарали бўлиши ҳақида Тошкентдан келган вакилларга фикрини айтган. «Бола илк қадамларини кўчада ташласа, тили кўчада чиқса, кейин ҳам кўча тортаверади-да».

Бир қатор кузатувчилар 25-мактабда лўли миллатининг ўта ижтимоий ҳимояга муҳтож қисми болалари ўқишини таъкидлашди.

Мустаҳкам ТАНГРИЁРОВА
Самарқанд-Тошкент

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг