Xiaomi 18 Pro Max iPhone 18 Pro Maxга жиддий рақиб бўла оладими?
Xiaomi компанияси Хитойда ўзининг янги флагман смартфонлари Xiaomi 18 Pro ва Xiaomi 18 Pro Maxни намойиш қилди. Янги моделларда компания орқа дисплейни сақлаб қолган, аммо камера, процессор, аккумулятор ва экран махфийлиги борасида бир қатор муҳим янгиликларни тақдим этган.
Янги смартфонларнинг энг ажойиб хусусиятларидан бири экрандаги маълумотларни ён-атрофдагилардан яширишга мўлжалланган Privacy Display технологиясидир. У дастурий фильтр эмас, балки экраннинг аппарат даражасида ишлайди. Яъни смартфонга ён томондан қараган одам экрандаги маълумотларни кўриши анча қийинлашади. Бу функция айниқса жамоат жойлари, транспорт ёки иш муҳитида шахсий маълумотлардан фойдаланганда қўл келиши мумкин.
Смартфонларнинг орқа қисмидаги қўшимча экран ҳам сақланиб қолган. Xiaomi 18 Proда 2,7 дюймли, Pro Maxда эса 2,9 дюймли OLED дисплей ўрнатилган. У орқали билдиришномаларни кўриш, айрим функцияларни бошқариш ва ҳатто асосий камера ёрдамида селфи суратга олиш мумкин.
Камера имкониятлари ҳам флагманларнинг асосий устунликларидан биридир. Leica билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган камера тизимида 200 мегапикселли асосий камера, 200 мегапикселли телефото камера ва 50 мегапикселли кенг бурчакли камера жойлашган. Телефото камера эса 3,2 карра оптик яқинлаштиришни қўллаб-қувватлайди.
Ишлаш тезлиги бўйича Xiaomi 18 Pro Qualcommнинг 2 нанометрли Snapdragon 8 Elite Gen 6 процессори билан жиҳозланган. Pro Max версиясида эса Snapdragon 8 Elite Extreme Gen 6нинг кучлироқ версияси қўлланилган. Иккала смартфон ҳам 16 ГБ гача оператив хотира ва 1 ТБ гача ички хотирага эга. Аккумулятор сиғими ҳам анча катта, Xiaomi 18 Pro 7000 мА·соатлик, 18 Pro Max эса 8500 мА·соатлик батареяга эга. Икки модел ҳам 100 ваттлик симли тез қувватлашни қўллаб-қувватлайди.
Нархларга келсак, Хитой бозорида Xiaomi 18 Proнинг 12 ГБ оператив ва 256 ГБ ички хотирага эга версияси 5999 юандан бошланади. Бу тахминан 900 долларга тенг. Pro Maxнинг худди шу конфигурацияси 6999 юандан, яъни, тахминан 1045 доллардан бошланади. Бу доллардаги қийматлар фақат конвертация бўлиб, халқаро бозордаги расмий нарх ҳисобланмайди.
Компания Xiaomi 18 Pro ва Pro Maxни аввал Хитой бозорида тақдим этди. Xiaomi ушбу сериянинг халқаро бозорда ҳам чиқарилишини маълум қилган. Оддий Xiaomi 18 модели эса ҳозирча тақдим этилмаган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter