Диско раққосининг асраб олган қизи
Ҳинд кино оламида инсонпарварлиги билан алоҳида ҳурмат қозонган актёрлардан бири Митҳун Чакраборти ҳисобланади. Унинг асраб олган қизи Дишани билан боғлиқ воқеа Болливуд тарихидаги энг таъсирли воқеалардан бири ҳисобланади. Қуйида шу ҳақда ҳикоя қиламиз.
Газетада чиққан хабар
Расмий манбаларда аниқ санаси қайд этилмаган бўлса-да, воқеа 1990 йилларнинг бошида содир бўлгани айтилади.
Калькутта шаҳрида янги туғилган қизалоқ ахлатхона ёнида ташлаб кетилган ҳолда топилди. Уни маҳаллий аҳоли кўриб қолиб, полицияга хабар беради. Чақалоқнинг аҳволи оғир бўлиб, шифокорлар зўрға сақлаб қоладилар.
Бу воқеа маҳаллий газеталарда эълон қилинди. Мазкур хабарни ўқиган Митҳун Чакраборти қаттиқ таъсирланди ва қизчани асраб олишга қарор қилди. Актёр ва рафиқаси Йогита Бали ишга киришдилар. Барча ҳуқуқий ҳужжатлар расмийлаштирилди. Қизалоқ оилага қабул қилинди. Унга Дишани Чакраборти исм-шарифи берилди. Кейинчалик Митҳун ўз интервьюларида қизчани “тақдир совғаси” деб атади.
Америкага йўл
Дишани актёрнинг асранди қиз бўлса-да, оилада бошқа фарзандлар билан тенг тарбияланди. Актёр уни ҳеч қачон ажратиб қўймаган. Чакрабортилар оиласида Махакшай (Мимоҳ), Ушмей, Намаши ва асраб олинган қиз Дишани бор эди. Кенжа қиз оила муҳитида меҳр ва фаровонликда униб-ўсди. Оилада у ҳали ҳануз севимли фарзандлардан бири сифатида тилга олинади.
2000 йилларнинг бошида Дишани ота-онаси каби санъат ва актёрликка қизиқиш билдира бошлади. 2014-2016 йилларда эса Америкадаги махсус академияда актёрлик бўйича таҳсил олди. Иккита қисқа метражли фильмда роллар ўйнади.
Дишани Чакраборти ижтимоий тармоқларда фаол. У кино соҳасида мустақил йўл танлаб, асосан, Ҳолливудда мавқеини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда. Оиласи билан муносабати жуда яқин экани доимо таъкидланади.
Фарзанд асраб олган бошқа актёрлар
Митҳун Чакрабортидан ташқари Болливудда яна бир қатор машҳурлар ҳам бола асраб олган.
Сушмита Сен – икки қиз фарзанднинг онаси. Уларнинг исми Рене ва Алиша. Сушмита ҳинд жамиятида ёлғиз она сифатида фарзанд асраб олган илк машҳур актрисалардан бири ҳисобланади.
Равина Тандон 21 ёшидаёқ икки қизалоқни асраб олган. Кейинчалик турмуш қуриб, ўз фарзандларига ҳам она бўлган.
Салим Хон – машҳур сценарийнавис ва актёрлар оиласи бошлиғи. У ҳам қизалоқ асраб олган. Бу қиз кейинчалик машҳур актриса – Арпита Хонга айланди.
Акбар Фатҳуллаев


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter