Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўзмиллийбанк» АЖ ҳамда «Ипак йўли» жамғармаси ўртасида 395 миллион долларлик лойиҳалар бўйича келишув имзоланди

«Ўзмиллийбанк» АЖ ҳамда «Ипак йўли» жамғармаси ўртасида 395 миллион долларлик лойиҳалар бўйича келишув имзоланди

Ўзбекистонда йирик инфратузилмавий лойиҳаларни молиялаштириш учун халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик кенгаймоқда. Шу доирада «Ўзмиллийбанк» АЖ Хитойнинг Ипак йўли жамғармаси билан қиймати 395 миллион АҚШ долларигача бўлган лойиҳаларни молиялаштириш бўйича келишувга эришди.

Келишув Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги делегациянинг Хитой Халқ Республикасининг Гонконг махсус маъмурий ҳудудига юқори даражадаги ташрифи доирасида имзоланди.

Мазкур ҳужжат 9–10 сентябрь кунлари Гонконгда бўлиб ўтган «Бир макон, бир йўл» ташаббусининг 11-саммити доирасида расмийлаштирилди. Саммит инвестициявий ва молиявий ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилиш учун муҳим халқаро майдон сифатида ўтказилди.

Келишувга мувофиқ, «Ўзмиллийбанк» ва Ипак йўли жамғармаси Ўзбекистонда амалга оширилиши режалаштирилаётган истиқболли инфратузилмавий лойиҳаларни биргаликда танлайди, уларни баҳолайди ҳамда молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқади. Кейинчалик танланган лойиҳаларни Ипак йўли жамғармасининг узоқ муддатли кредит линиялари ҳисобидан молиялаштириш кўзда тутилган.

Ҳамкорлик доирасида транспорт инфратузилмасини модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, замонавий пуллик тезюрар автомобиль йўлларини қуриш билан боғлиқ лойиҳалар устувор йўналишлардан бири бўлади.

Мазкур келишув 2026 йилга мўлжалланган Давлат инвестиция дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар билан ҳамоҳанг. Унга кўра, «Ўзмиллийбанк» зиммасига Ўзбекистондаги устувор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун етакчи халқаро молия институтларидан жами 1,5 миллиард АҚШ доллари эквивалентида маблағ жалб этиш вазифаси юклатилган.

Ипак йўли жамғармаси билан эришилган янги келишув Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги молиявий-инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда. Шунингдек, у Ўзбекистон–Хитой стратегик шериклиги доирасида, жумладан, «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасида аниқ инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятлар яратади.

Маълумот учун, «Ўзмиллийбанк» АЖ 1991 йилда ташкил этилган бўлиб, мамлакатдаги тизимли аҳамиятга эга энг йирик банклардан бири ҳисобланади. 2025 йил якунларига кўра, банк активлари 12 миллиард АҚШ долларидан, кредит портфели 9 миллиард доллардан, жами капитали 1,6 миллиард доллардан ошган. Банкнинг соф фойдаси 160 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

Ипак йўли жамғармаси эса Хитой Халқ Республикасининг давлат инвестиция жамғармаси бўлиб, 2014 йилда «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасидаги инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг