Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Трампнинг юзига туширилган «маънавий тарсаки»

Трампнинг юзига туширилган «маънавий тарсаки»

Фото: AP

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятидаги юқори мартабали разведка мулозими — Терроризмга қарши кураш бўйича миллий марказ директори Жо Кент Оқ уйнинг Эронга қарши урушига норозилик билдирган ҳолда лавозимидан истеъфо берди. Таҳлилчилар буни Трампнинг юзига туширилган «маънавий тарсаки» деб баҳоламоқда.

«Узоқ мулоҳазалардан кейин мен бугун Терроризмга қарши кураш бўйича миллий марказ директори лавозимидан кетишга қарор қилдим. Виждоним Эронда давом этаётган урушни қўллаб-қувватлашга изн бермаётир. Эрон бизнинг мамлакатга бевосита таҳдид туғдирмаган ва аёнки, биз бу урушни Исроил босими остида ва унинг Америкадаги кучли лоббиси таъсирида бошладик», — деган у Трампга йўллаган истеъфо мактубида.

Маълум бўлишича, Жо Кент Трампнинг биринчи президентлик давридаги ташқи сиёсат стратегиясини дастаклаган. Аммо 2025 йил июн ойида Яқин Шарқдаги уруш АҚШнинг фаровонлигига таҳдид солувчи қопқон эканини тушуниб етган. Бу ўринда разведка мулозими Қўшма Штатлар ўтган йил 22 июнга ўтар кечаси Исроил чақириғи остида Эроннинг ядровий объектларини бомбалаганини назарда тутмоқда.

«Бошқарувингизнинг илк йилида Исроилнинг юқори мартабали мулозимлари ва АҚШ матбуотидаги нуфузли шахслар сизнинг “Америка ҳамма нарсадан устун” деган принципингизни обрўсизлантирувчи ва Эронга қарши уруш оловини ёқувчи дезинформация кампаниясини юритдилар. Акс-садо хонасини эсга солувчи бу ҳол сизни Эрон АҚШга бевосита хавф туғдиради ва унга зарба бериб, тезкор ғалабага эришиш лозим деган фикрга ишонтирди. Аслида, бу ёлғон эди ва минглаб америкалик аскарлар ҳаётига зомин бўлган Ироқдаги уруш тактикасининг айни ўзи эди. Биз бу хатони такрорлай олмаймиз», — деб ёзади разведка мулозими.

45 ёшли Жо Кент жосуслик хизмати ветерани сифатида 11 марта жанговар ҳаракатларда қатнашгани, Исроил провокацияси билан бошланган урушда, 2019 йилда рафиқаси — АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари криптологи Шеннон Кентдан айрилганини таъкидлаган. У Трампни ҳарбий стратегияни ўзгартиришга чақирган.

Трампнинг ўзи Терроризмга қарши кураш бўйича миллий марказ раҳбарининг ихтиёрий истеъфосига муносабат билдириб, уни “яхши йигит”, аммо “хавфсизлик бобида кучсиз” деб атаган. Трамп қисқа баёнотида аксилтеррор идораси раҳбари “хавфсизлик бобида кучсиз” бўлса, нега шу пайтга қадар ишдан бўшатмаганига ойдинлик киритмаган.

Таҳлилчилар фикрича, Трампнинг кўп йиллик тарафдори ва сафдоши бўлган Жо Кентнинг Оқ уй ҳарбий стратегиясини очиқ танқид қилган ҳолда истеъфо бериши маъмуриятдаги чуқур бўлинишдан далолат беради.

“Вашингтон Тел-Авивнинг ноғорасига ўйнаётгани”га норозилик ифодаси сифатида берилган бу каби шов-шувли истеъфолар аввал ҳам кузатилган эди. Жумладан, 2023 йилда АҚШ давлат департаментининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича бюроси директори Жош Пол Вашингтоннинг Исроилга ҳарбий кўмакни ошириш ҳақидаги қарорига норозилик ифодаси сифатида ўз ихтиёри билан истеъфога чиққан эди.

2024 йилда эса Буюк Британия ташқи ишлар вазирлиги ходими Марк Смит ҳам шундай йўл тутганди. ТИВ тизимида терроризмга қарши кураш йўналишида фаолият юритган Марк Смит Исроилнинг Ғазодаги халқаро ҳуқуққа зид ҳаракатлари юзасидан вазирликнинг турли даражадаги раҳбарларига ўз хавотирини билдирган. Тайинли жавоб олмагач, ишдан кетишни маъқул кўрган. У Буюк Британия ҳам Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий жиноятларига шерик эканини айтганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг