Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

23 ёшли ўқитувчини уриб юборган ҳайдовчига «Xabar.uz» суриштирувидан сўнг жиноий иш қўзғатилди

23 ёшли ўқитувчини уриб юборган ҳайдовчига «Xabar.uz» суриштирувидан сўнг жиноий иш қўзғатилди

Фото: «Xabar.uz»

14 март куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида кўча тозалаш ишларига жалб қилинган 23 ёшли Диана Еникеевани катта йўлдаги тўсиқларни оқлаш чоғида юк машинаси уриб кетгани ҳақида хабар қилган эдик.

Ушбу ҳодиса тафсилотларини ўрганиш учун «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали мухбири воқеа жойига бориб, махсус суриштирув ўтказган эди.

«Xabar.uz»га маълум қилишларича, мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон тумани прокуратураси юк машинаси ҳайдовчисининг шахсини аниқлаган ва унга нисбатан жиноий иш очган.

«2018 йил 14 март куни соат 13-00 да Каттақўрғон тумани Алижон маҳалласи ҳудудидан ўтувчи М-37 йўлининг 66-километрида Э.А.Б. бошқарувида бўлган И.З.Р.нинг номига расмийлаштирилган «КамАЗ» русумли автомашинасини бошқарув ҳуқуқини берувчи ҳужжатларсиз Самарқанд йўналиши томон бошқариб бориб, йўлни кесиб ўтаётган Еникеева Диана Александровнани уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган», дейилади «Xabar.uz»га тақдим этилган хатда.

Д.Еникеева олган тан жароҳатлари оқибатида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Марҳум Еникеева Диана Александровна, 1995 йил 14 июнда Каттақўрғон шаҳрида туғилган. Миллати — рус. Маълумоти — ўрта-махсус. Каттақўрғон туманидаги 42-умумтаълим мактаби ўқитувчиси. Оилали, 1 нафар фарзанди бор. Каттақўрғон шаҳар Хоразмий кўчаси, 14-уйда яшаган.

Ҳайдовчи Э.А.Б., 1980 йил 20 апрелда Нарпай туманида туғилган. Миллати — ўзбек. Маълумоти — ўрта. Муқаддам судланмаган. Оилали, 3 нафар фарзанди бор. Якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланади.

Туман прокурори томонидан жиноят ишини сифатли ва ҳар томонлама холисона тергов қилиш юзасидан ёзма кўрсатма берилган.

Тергов ҳаракатлари олиб бориш жараёнида Д.Еникееванинг ўлими сабаби юзасидан судга оид тиббий экспертиза ҳамда йўл-транспорт ҳодисаси содир этган «КамАЗ» русумли юк автомашинаси бўйича судга оид автотехника экспертизаси тайинланган.

Прокуратуранинг қайд этишича, ўрганишлар натижасига кўра, мактаб ўқитувчилари, жумладан, Диана Еникеева ҳам ҳеч қандай йўл четини тозалаш, супуриш учун чиқарилмаган.

Уларнинг фикрига кўра, бундай ишлар жойлардаги ободонлаштириш бошқармаси ходимларининг вазифасига киради. Таълим муассасаларида эса ўқитувчилар эмас, балки хўжалик ишлари бўйича масъул ходимлар, боғбонлар шуғулланади.

«Шу нуқтаи назардан, Каттақўрғонда содир бўлган бахтсиз ҳодиса, ёш педагог Диана Еникееванинг ўлимидан чуқур қайғуда эканимизни билдирган ҳолда, бу ҳодисани бошқа ҳолатларга боғлаб талқин қилиш, оммага холис туриб етказмаслик интернет тармоғи фойдаланувчилари ўртасида салбий фикр уйғотишга сабаб бўлади, деб ҳисоблаймиз», дейилади хатда.

Скрин: «Xabar.uz»
Скрин: «Xabar.uz»
Изоҳлар 3

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг