Қаршида Имом Насафий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилади
Қарши давлат университети ҳузурида Имом Насафий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилади. Бу ҳақда Ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Ҳужжат лойиҳасига кўра, қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:
- Абу Муин Насафий, Абу Ҳафс Насафий, Абул Баракот Насафий каби алломаларнинг ҳаёти ва илмий мероси, хусусан, уларнинг асарларида келган миллий ҳамда диний қадриятларни халқчил, илмий-оммабоп ва содда тилда жамоатчиликка етказиш;
- Насаф ва Кеш алломаларининг илмий, маънавий-маърифий меросини тадқиқ этиш орқали уларнинг жаҳон сивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини кўрсатиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли матнлари ва таржималарини нашр этиш, ушбу мавзуларга доир тадқиқотларни тизимли ташкил қилиш;
- тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом, тасаввуф каби ислом илмлари, шунингдек, мотуридийлик таълимоти ва ҳанафийлик мазҳаби равнақида ўзига хос аҳамият касб этган Насаф илмий мактаблари фаолиятини ўрганиш ҳамда уларнинг жамият барқарорлигини таъминлашдаги ўрнини очиб бериш;
- Ўзбекистон ва жаҳон қўлёзма фондларида сақланаётган насафлик олимларнинг қўлёзма ҳамда тошбосма асарларини аниқлаш, каталогини тузиш, уларнинг асл ва электрон нусхаларини жамлаш;
- Абу Муин Насафийнинг ақида ва калом илми ривожида тутган ўрни, унинг ёт оқимларнинг бузғунчи ғояларига қарши курашда қўллаган услубларини ўрганиш ҳамда шу асосда ислом динининг маърифий моҳиятини очиб бериш;
- Насаф воҳаси илмий-маънавий муҳити, унинг ислом цивилизацияси равнақида тутган ўрни ҳамда бугунги кундаги амалий аҳамияти юзасидан анжуман, симпозиум, конференция, кўргазма, ҳамда бошқа маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш.
Шунингдек, 2023-2024 йилларда насафлик олимлар ҳаёти ва илмий меросига оид энциклопедия тайёрлаш ва нашр этиш ҳамда улар ҳақида бадиий ва ҳужжатли филмлар тайёрлаш режалаштирилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter