Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Андижондаги муаммо ҳали ҳам ечим топмаган. Мактаб спорт майдони тақдири Олий судда қолмоқда

Андижондаги муаммо ҳали ҳам ечим топмаган. Мактаб спорт майдони тақдири Олий судда қолмоқда

Фото: «Xabar.uz»

Xabar.uz нашри ўтган йилнинг 3 декабр санасида бир гуруҳ ота-оналар мурожаати ортидан Андижон вилояти Пахтаобод тумани 13-мактабнинг спорт майдони ноқонуний сотиб юборилганини ёритган эди.

Бузилишлар ортидан мактабда жисмоний тарбия ва спорт тўгараклари фаолияти тўхтаб қолган.

Ҳолат эълон қилинганидан кейин қатор блогер ва жамоатчилик фаоллари, хусусан Азиза Қурбонова, Шаҳноза Саотова, Исроил Тиллабоев ва Баҳодир Аҳмедовлар ҳам ижтимоий тармоқларида муаммога муносабат билдиришганди.

Шундан кейин, Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ҳолат ҳокимлик томонидан назоратга олинганини маълум қилганди.

«Ишчи гуруҳ тузилди ва ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганиш давомида қонун бузилиш ҳолатларига чек қўйилиб суд қарорига асосан қурилиши тугалланмаган бинони бузиш чоралари кўрилмоқда», — дейилган муносабатда.

Жорий йилнинг март ойида ҳам мактаб жамоаси ва ўқувчилар ота-оналари таҳририятимизга қайта мурожаат йўллаб, 3 ойдан ортиқ вақт ўтганига қарамасдан ҳеч қандай ижобий ўзгариш бўлмагани, шу бўйи иш босди-босди бўлиб кетишидан хавотирда эканликларини билдиришганди.

Шундан сўнг, Пахтаобод тумани ҳокимлиги матбуот хизмати бир ой муддатда қурилиши тугалланмаган бино мажбурий ижро органлари томонидан бузилиши таъминланиши таъкидлаб чиққанди.

«Т.М.нинг ғолиблик баённомасини бекор қилиш бўйича Избоскан туманлараро фуқаролик судига туман Халқ таълими бўлими томонидан 2023 йил 9 январда даъво ариза билан мурожаат қилинган. Суд томонидан 2023 йил 15 март куни иш мазмунан кўриб чиқилиб, даъво қаноатлантирилди.

Суд қарори қонуний кучга киргандан сўнг бир ой муддатда  тадбиркор томонидан қурилмаларни ўз ҳисобидан бузиб олинмаган тақдирда, мажбурий ижро органлари томонидан бузилиши таъминланади», – дейилганди муносабатда.

Янги тафсилотларга кўра, Т.М.нинг ишончли вакили Ж.А. Олий судга 4 апрел санасида кассация шикояти билан мурожаат қилган. Натижада иш Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан 2023 йилнинг 28 апрел 9:30 да Олий суд биносида кўриб чиқилиши белгиланган.

Бироқ, мазкур санада суд мажлиси ўтказилмаган. Олий суд билан боғланилганда иш кейинроққа қолдирилгани маълум қилинган.

Мурожаатчиларнинг таъкидлашича, мактаб спорт майдони масаласи қарийб бир йилдан бери ижобий ечим топмаётгани, Олий судда 28 апрел санасида тайинланган суд мажлиси қолдирилиши мактаб жамоаси ва маҳалла аҳлида турли салбий муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Ота-оналар Олий суд адолатли ҳукм чиқариши, хусусан мактаб спорт майдони ўқувчиларга тезроқ қайтарилишини сўрашмоқда.

Xabar.uz жараёнларни кузатиб боради. Ҳолат юзасидан Олий суд ва Мактаб ва мактабгача таълим вазирлигидан изоҳ кутамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг