Ногиронлиги бўлган аёллар USAID дастури доирасида электрон тижоратни ўрганмоқда
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистондаги ижтимоий заиф ва ногиронлиги бўлган аёлларни рақамли иқтисодиётга жалб қилишга қаратилган дастурни амалга ошира бошлади.
АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, дастурда Тошкент ва Қашқадарё вилоятларидан 250 нафарга яқин хотин-қиз иштирок этиб, электрон тижорат, ижтимоий тармоқлар маркетинги (SMM) ва реклама бўйича машғулотларда қатнашади. Битирувчилар дастур якунида ишга жойлашиш ва ўз стартап бизнесини бошлаш имкониятига эга бўлади. Мазкур ташаббус Ўзбекистон ҳукумати қўллаб-қувватлови, хусусан, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳамда Сенатнинг хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси кўмагида «Шарқ аёли” халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
«Аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга йўналтирилган инвестициялар гендер тенглигини таъминлаш, камбағалликка барҳам бериш ва инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш учун хизмат қилади. Бундай дастур рақамлаштиришдаги гендер тафовутини йўқотишга хизмат қилиб, аёлларга иш топишда ёрдамлашади ҳамда инклюзив ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлайди», – дейди USAID миссияси директори вазифасини в.б. Луанн Гронҳовд.
Маълумотларга қараганда, Ўзбекистон электрон тижорат тармоғи шиддат билан ўсиб, 2020 йилда олинган даромад салкам 500 миллион АҚШ долларига етди. Мамлакатда 27 миллион интернет фойдаланувчиси борлиги ва яқин бир неча йил давомида рақамли инфратузилмага 2,5 миллиар доллар миқдорида сармоя киритилиши кўзда тутилган «Рақамли Ўзбекистон–2030» стратегиясининг қабул қилиниши мазкур тармоқнинг янада ривожланиши учун қулай шароит яратмоқда. Интернет аҳолининг ижтимоий жиҳатдан заиф қатламлари, шу жумладан, аёллар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун даромад олишнинг кенг имкониятларини яратиши мумкин. Аммо электрон тижорат билан шуғулланиш ёки ўз бизнесини йўлга қўйиш учун аёлларга кўпинча малака ва маблағ етишмайди.
Қайд этилишича, Электрон тижорат ва рақамли касблар академияси томонидан ишлаб чиқилган 45 кунлик масофавий таълим курсининг якунида икки синов ҳудудидан 200 нафар ижтимоий заиф хотин-қиз ва Ўзбекистон ногирон ишбилармон аёллар миллий ассоциациясидан 40 нафар аёл электрон тижоратда ишбилармонлар ва кўникмага эга бўлган ишчилар сифатида қатнаша олади. Улар кейинчалик ўз онлайн дўконини ишга тушириб, маҳсулотини глобал ва маҳаллий платформалар орқали сотиши ҳам мумкин.
Лойиҳа USAIDнинг Агробизнесни ривожлантириш дастури Аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ташаббуси доирасида амалга оширилмоқда. 2022 йил май ойида халқаро агентлик Ўзбекистон қишлоқ жойларида истиқомат қилувчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 2,4 миллион доллар ажратган эди. Бу борада ҳунармандчилик корхоналари ва якка тартибдаги ҳунарманд аёллар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида бизнес ғоялар танлови ҳам эълон қилинган.
Халқаро тузилма аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашишга ҳам ҳисса қўшиб келади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter