Мурдаси тўрт кун лифтда қолиб кетган аёл воқеаси: Бош прокуратура ва қўмита бир-бирига қарши баёнот бермоқда
24 июль куни 32 ёшли аёл кўп қаватли уйнинг лифтига кириб, вафот этган. Ушбу лифт 4 кун давомида ишламаётганлиги сабабли, аёлнинг мурдаси лифтни ичида қолиб кетган, дейилади Бош прокуратура расмий баёнотида.
26 июль куни марҳуманинг яқин қариндошлари аёлни топиб бериш юзасидан ички ишлар идорасига мурожаат қилишган.
27 июль куни уй яшовчилари томонидан марҳума аёл лифт ичидан топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан прокуратура текшириш ўтказишни бошлаган.
Шу орада, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси «28 июль куни мутахассислар томонидан жойига чиқиб ўрганилганида, лифт қурилмасининг хавфсизлик мосламалари ишчи ҳолатдалиги юзасидан бирламчи кўрик ишлари амалга оширилди ва уларни ишчи ҳолатдалиги аниқланди» деб расмий муносабат билдирган.
«Ваҳоланки, лифт 24-28 июль кунлари ишламаётганлигини воқеа гувоҳлари, уй яшовчилари ўз тушунтиришларида, шунингдек, воқеа жойида холис суриштирув олиб борган оммавий ахборот воситалари вакиллари ва журналистларнинг видеорепортажларида тўлиқ ўз тасдиғини топган», дейилади Бош прокуратура расмий баёнотида.
Бу баёнотлардан 32 ёшли аёлнинг фожиали ўлимининг аниқ сабабини ҳали айтиш қийин. Дастлабки хабарларда лифтнинг тўхтаб қолишига пойтахтда кузатилаётган электр узилишлари сабаб бўлгани айтилганди.
Бироқ Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси матбуот котиби Газета.узга берган интервюсида бу кунда мазкур кўпқаватли уйда электр узилишлари бўлмаганини айтади: «Буни диспетчерлик хизматининг фавқулодда тўхтатилиши ҳақидаги ёзувлар тасдиқлайди», – дейди у журнални кўрсатиб. – Ҳодисага лифтнинг носозлиги сабаб бўлган. Буни уйда яшовчилар ҳам тасдиқлашди».
Блогер Никита Макаренко электр тармоқлари матбуот котибининг бу сўзларини ёлғон деб атайди ва ўша куни мазкур уйда электр ўчганини тасдиқловчи маълумотни илова қилади.
Ёш, соғлом аёл янги қурилган уй лифтига кириб, соатлаб, балки кунлаб азобланиб, аянчли ўлим топгани жуда ачинарли. Унинг мурдаси ўша ерда бир неча кун қолиб кетгани даҳшатли. Ва бу ҳодиса жавобгарлигидан ҳамма масъул ўзини четга тортаётгани аянчли.
Аёлнинг 6 ёшли фарзанди ёлғиз қолди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter