«Шерали Жўраев менинг отам» — Ботир Қодиров нега судлашаётганини маълум қилди
Хонанда Ботир Қодиров нега Зоҳиршоҳ Жўраев билан судлашаётгани, отасининг жанозасига ҳам киритишмагани ҳақида гапирди.
«Шерали Жўраев менинг отам. Буни кўпчилик билади. Бу яширадиган нарса эмасди, лекин бунга сабаб бўлгани учун мен очиқ айтмай келаётган эдим. Очиқ айтмаганимнинг сабаби 20 ёшимга қадар отам билан муносабатимиз жуда илиқ бўлган. Отам мендан хабар олиб турган. Ёзги таътилларда отамнинг ота ҳовлисига, Асакадаги уйига отамнинг онасини, отамни кўргани борардим. Улар мени кўтариб катта қилишган. Беш ёшимгача, отам билан онам ажрашгунигача бирга яшаганмиз. Мен никоҳли фарзандман, шунга ҳам аниқлик киритиб қўйишим керак, чунки ҳар хил нотўғри фикрлар бўляпти. Буни мени яқинларим, отамнинг яқинлари жуда яхши билади, никоҳга гувоҳ бўлганлар бор. Отам ҳозирги оиласи қургунига қадар биз бирга яшаганмиз...
Отамнинг тинчлигини бузмаслик учун 43 йил индамай келдим. Отамнинг сўзларини икки қилмаслик учун индамай келдим.
Биринчи навбатда, мухлислардан отамнинг шаънига ёмон гаплар бўлмаслигини сўрайман. Отамни муҳокама қилиш мангамас, отамни яхши кўраман. Бундан кейин ҳам бу масалани укаларим билан келишиб оламиз, деган умиддаман. Судга мурожаат қилмаслигим ҳам мумкин эди, буни хоҳламаганман ҳам. Аммо охирги вақтда бунга мажбур бўлдим. Укамиз Шоҳжаҳон тарафидан интернет саҳифасига қўйган «Сен кимдан дунёга келганингни билмайдиган...» мазмунидаги менинг ва марҳум онамнинг шаънига тегадиган қаттиқ гаплар бўлгани учун чидаб тура олмадим.
Шунинг учун исботлаб беришга қарор қилдим. Билишади, мен уларнинг отасини тортиб олишга уринмаганман. Ваҳоланки, улар менинг отамни тортиб олишган, чунки мен улардан аввал дунёга келганман ва 5 ёшимгача отам билан яшаганман...
Шоҳжаҳоннинг гапларидан кейин Асакадаги ота ҳовлига бориб амаким билан суҳбат қилганман, видеога ҳам олинган. Унда амаким ёшлигим ҳақида гапириб берган. Сўнг Тошкентга келиб ДНК текширувидан ўтганмиз ва 95 фоиз натижа билан мен амакимнинг жияним экани ҳақида хулоса берилган. Шу далилларни укаларимга тақдим этиб, гаплашиб олишни истаганман. Отамнинг шаънига ёмон гап бўлмасин деб, оилавий масала бўлгани учун ўзаро келишиб олишни айтдим. Лекин улар отамнинг жанозасига келишни ҳам тақиқлашди. Кепкалар кийиб, яшириниб, Кўкча масжидида сўнгги қаторларда жанозада қатнашдим. Фарзандлик бурчимни бажардим...
Бир жойда отамнинг қўшиғини айтсам, уйимга хат келади: «муаллифлик ҳуқуқини бузманг, деб». Сизларнинг қанча ҳаққингиз бўлса, менинг ҳам шунча ҳаққим бор деб уларни муросага чақирдим, улар хоҳлашмади. Шундан сўнг 6 ойдан кейин судга мурожаат қилдим...
Мен мерос талашаётганим йўқ. Менга ўзимники етарли. Фақат онамнинг шаънини оқламоқчиман...», дейди Ботир Қодиров.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter