Халқаро суд ғазоликларнинг геноциддан ҳимояланиш ҳуқуқини тан олди
26 январ, жума куни Ҳаага Халқаро суди Исроилга ҲАМАС ҳаракатига қарши уруш олиб боришда Ғазо секторида геноцид ҳаракатларининг олдини олиш учун барча чораларни кўришни буюрди.
Суднинг таъкидлашича, Исроил ўз ҳарбий кучлари геноцид содир этмаслигини таъминлаши ва анклавдаги фаластинликлар учун гуманитар вазиятни яхшилаш чораларини кўриши керак.
Reuters агентлигининг таъкидича, суд Жанубий Африка қўзғатган ишнинг моҳияти – Ғазода геноцид содир бўлган-бўлмагани ҳақида қарор чиқармаган. У Ғазодаги фаластинликларнинг геноцид ҳаракатларидан ҳимояланиш ҳуқуқини тан олган.
Ғазо соғлиқни сақлаш идораларига кўра, Жанубий Африка Республикаси ишни Халқаро Судга олиб боришда Исроилнинг анклав катта қисмини вайрон қилган ва 25 мингдан ортиқ фаластинликни ўлдирган ҳарбий операциясини зудлик билан тўхтатишни сўраган. Суд бунга рухсат бермади.
Исроил халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишини ва ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканини айтиб, суддан ишни тўғридан-тўғри рад этишни сўраган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter