Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Иcроил Ғазо ва Ливанда тақиқланган қурол ишлатди

Иcроил Ғазо ва Ливанда тақиқланган қурол ишлатди

Исроил армияси 10 ва 11 октябрь кунлари Ғазо сектори ҳамда Ливан ҳудудига оқ фосфор бомбасини ташлади. Бу ҳақда хабар берган Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти мазкур турдаги қурол тинч аҳоли ҳаётига жиддий хатар туғдиришидан огоҳлантирган.

«Дунёдаги аҳоли энг зич яшайдиган минтақалардан бири саналган Ғазода оқ фосфор қўлланиши тинч фуқаролар ҳаёти учун таҳдиддир. Бу ҳолат тинч аҳоли вакилларига номақбул хатар туғдиришни ман этувчи халқаро гуманитар ҳуқуққа ҳам зид саналади», – дейилади халқаро ташкилот баёнотида.

Оқ фосфор тез алангаланувчи модда бўлиб, ҳарбийлар томонидан тутунли парда ҳосил қилиш ва душман объектларини йўқ қилиш мақсадида қўлланади. Кислород билан реакцияга киришиб, қуюқ тутун ҳосил қилувчи оқ фосфор инсон терисини куйдириш ва тананинг ички тўқималарини парчалаш орқали ўлимга олиб келиши мумкин.

«Оқ фосфорни аҳоли зич ҳудудларда қўллаш тана куйиши ва бутун умр таъқиб этадиган хасталикка олиб келади», – дейди Human Rights Watch ташкилотининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича директори Лама Факих.

Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳам Исроил томонидан оқ фосфор қўлланганини тасдиқлаган.

«Биз фавқулодда хавотирли ҳодисани диққат билан ўрганмоқдамиз. Amnesty International Исроилни халқаро гуманитар ҳуқуққа риоя этиш ва тинч аҳоли ҳимоясини таъминлашга чақиради», – дейилади баёнотда.

Исроил армияси 2008-2009 йилларда ҳам Ғазода оқ фосфор бомбаларидан фойдаланган. 2013 йилда ушбу мамлакат расмийлари аҳоли яшаш манзилларида ундан фойдаланмасликлари ҳақида баёнот берган.

Женева конценцияси протоколига кўра, бу турдаги қуролларни тинч  аҳоли яшаётган ҳудудларда қўллаш ман этилади.

Исроил кучлари ҲАМАСнинг 7 октябрь кунги ҳужумига жавобан 2,3 миллион нуфусли Ғазога бомба ёғдиришда давом этмоқда. БМТ қамал остидаги минтақада гуманитар инқироз чуқурлашаётгани ҳақида бонг урмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг