Адвокат: «Мақсад инсонларни қўрқув остида ушлаб туришми?..»
![Адвокат: «Мақсад инсонларни қўрқув остида ушлаб туришми?..»](https://xabar.uz/static/crop/1/7/920__95_1707371416.jpg)
Адвокат Абдумалик Абдуллаев оммавий ахборот воситалари ва матбуот хизматлари томонидан судлар тайинлаган жазога урғу бериш ҳолати кузатилаётганига эътибор қаратди.
«Охирги пайтларда одил судловда «жазонинг муқаррарлиги»да ишлашга ундовчи хато ёндашувга тез-тез дуч келмоқдамиз. «Жазо берилди», «жазо муқаррар», «жазо муқаррарлиги таъминланди» каби сўзларни эшитяпмиз. Судларга тегишли матбуотларда, муайян суд ишининг фақатгина ҳукм ўқиш жараёнларидан лавҳалар тақдим этилиб, «Фалон модда билан фалонча йилга озодликдан маҳрум қилинди. Жазо муқаррарлиги таъминланди», деган қисқа ахборотлар бериб борилмоқда. Тўғри, муайян ҳуқуққа хилоф қилмиш ва унинг жазоси ҳақида маълумот берилиши яхши. Лекин, нима сабабдан фақат жазоланганигагина урғу қаратилаверади? Бундан мақсад нима? Ё тегишли ахборот сайтлари билан шундай келишувлар борми? Ёки инсонларни фақат қўрқув остида ушлаб туришми мақсад?» – деб ёзди А.Абдуллаев Телеграмдаги саҳифасида.
Адвокатнинг фикрича, суд жараёнларини эфирларга тўғридан-тўғри узатиб борилиши деярли йўлга қўйилмаган жамиятда фақат «жазоланди», «қамалди» каби сўзларнинг янграйвериши фақат ва фақат қўрқув солиш, ваҳима уйғотиш йўли билан тийиб туришга уринишдан бошқа нарса эмас ва бу нотўғри услубдир.
«Қонун устуворлигига жазони муқаррар деб билиш билангина эришиб бўлмайди, назаримизда. Қонунчилик жазонинг муқаррарлигини эмас, балки жавобгарликнинг муқаррарлигини илгари суради. Булар фарқли тушунчалар эканини юридик онг эгалари яхши биладилар. Жавобгарликнинг муқаррарлиги қилмишида жиноят таркибининг мавжудлиги аниқланган ҳар бир шахс жавобгарликка тортилиши шартлигини англатади. Лекин, албатта, ҳар доим ҳам жазо қўлланиши шартлигини англатмайди. Чунки кодекснинг бир қатор моддаларида жавобгарликдан ёки жазодан озод қилиш масалалари ҳам бор. Қилмишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳолатлар эса энди бу бошқа мавзу», – деб ёзди адвокат.
Унга кўра, жазо муқаррарлиги ҳақида сурункали бонг ураверилиши одил судлов фаолиятига фақат халал бермоқда.
«Яъни, судлар кодексдаги жиноий жавобгарликдан ва жазодан озод қилишга оид қоидаларни қўллашни (албатта, бунга асослар мавжуд бўлганида) унутиб қўяётгандек. Ёхуд «олиб қўйибди», «бериб қўйибди» каби мишмишлардан холи бўлишни хоҳлаш одиллик ва инсонпарварлик принципларини амалда тўлақонли ишлатилишига тўсиқ бўлиб қолмоқда. Ва афсуски, оқибатда жазолаш синдроми вужудга келиб қолди», – дея мулоҳазалари билан ўртоқлашган ҳуқуқшунос.
У Олий суд статистикасида ҳам жавобгарлик ва жазодан озод этиш билан боғлиқ маълумотлар берилмаслигини қайд этган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Бектемир тумани судининг 2024 йил 26 декабрдаги ҳукми билан автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларидаги турнақатор навбатларни танқид қилган Ғайрат Дўстов 15 суткага қамалган эди. Жамоатчилик эътирози ортидан суд дастлабки инстанция қарорини қисман бекор қилиб, Дўстовга тайинланган 15 сутка қамоқ жазосини 8 суткага ўзгартирганди.
Адвокат Абдумалик Абдуллаев ушбу ҳодисани ҳам эсга олиб ўтган.
«Ўз навбатида, Ғайрат Дўстов кейси жамоатчиликка кўп нарсаларни юзага чиқариб берди. Айтмоқчимизки, олий мақсад тарбиялаш бўлиши ўрнига жазолаш бўлиб қолган жамиятда қонунларга ҳурмат ҳисси эмас, аксинча, нафрат ҳисси шаклланаверади», – дея хулоса қилади у.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter