Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Болани азоблаб массаж қилган «шифокор»нинг дипломи йўқлиги маълум бўлди

Болани азоблаб массаж қилган «шифокор»нинг дипломи йўқлиги маълум бўлди

Ижтимоий тармоқларда Тошкентда ёш болани жисмоний оғритиб, тиббиёт талабларига мутлақо мос бўлмаган уқалаш муолажаси амалга оширилаётгани акс этган видеолавҳа тарқалди.

Чилонзор туманидаги 38-оилавий поликлиникада тасвирга олингани айтилган бу хатти-ҳаракатлар жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан олиб борган дастлабки тезкор ўрганишлар натижасида қуйидагиларни маълум қилди.

Қайд этилишича, видеолавҳадаги уқалаш сеанси Чилонзор туманидаги 38-оилавий поликлиникада эмас, балки ушбу муассаса биносининг хусусий корхонага тегишли бўлган қисмидаги хоналардан бирида амалга оширилган.

Массаж муолажасини бажарган шахс Б.З. билан суҳбатда у мазкур фаолият билан шуғулланиш учун тегишли рухсатнома ва сертификатга, қолаверса, физиотерапия йўналишида диплом ва малака тоифасига эга эмаслигини маълум қилди.

Шу боис Соғлиқни сақлаш вазирлиги юқоридаги ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилди.

Ўз навбатида, Б.З.нинг хатти-ҳаракатларига тиббий баҳо бериш мақсадида Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассисларининг хулосалари олинди.

Аҳрорбек Жўраев, Болалар ортопедияси бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор:

«Болалар ортопедияси амалиётида уқалаш муолажалари кенг қўлланилади ва бунинг қатъий қоида ҳамда талаблари мавжуд. Мазкур жараёнда касаллик тури, боланинг ёши ва ҳолати ҳисобга олиниб, ҳар бир беморга индивидуал ёндашилиши зарур.

Аммо энг муҳим талаблардан бири уқалаш муолажаси чоғида кичик ёшли беморда қўрқув бўлмаслиги шарт! Аммо видеолавҳада бола стресс ҳолатида эканини кўрдик. Ҳатто ёнида яқини ўтирганига қарамай, тинимсиз йиғлаб, безовта бўлмоқда. Бу унинг нафақат жисмоний саломатлиги, балки руҳиятига ҳам жуда ёмон таъсир кўрсатади. Қисқа қилиб айтганда, тиббиётда бундай уқалаш муолажасига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди».

Искандер Ходжанов, Болалар травматологияси бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор:

«Массаж муолажалари оҳиста бошланиб, юқори даражага кўтарилгач, яна оҳисталик билан тугаши керак. Лекин биз видеода бунинг бутунлай аксини кўрдик. Бундай ҳолатларда уқалаш муолажасидан сўнг пайлар жароҳатланиши ва ҳатто суяклар синиши кузатилиши мумкин.

Массаж жараёнида оғриқ синдроми пайдо бўлса, бу кучли қўрқувни келтириб чиқаради. Ушбу ҳолат эса кейинчалик зарарланган бўғимларнинг умрбод ишламай қолиши, яъни контрактура пайдо бўлишига олиб келади. Шундан келиб чиқиб, видеолавҳадаги муолажа усулини бугунги кун тиббиётига бутунлай ёт, деб ҳисоблайман».

Муратжан Салиев, илмий ишлар буйича директор ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди:

«Уқалаш муолажаси билим, маҳорат ва тажриба талаб этади. Шу сабабли ота-оналар бундай даволаш сеанслари учун айнан шу соҳага ихтисослашган профессионал тиббиёт ходимларига мурожаат қилишлари лозим. 

Видеолавҳадаги хатти-ҳаракатларга келсак, бу тиббий уқалаш муолажаси стандартларига мутлақо тўғри келмайди. Гап инсон, айниқса, жондан азиз фарзандларимиз саломатлиги ҳақида кетар экан, бу каби ҳолатларга асло кўз юмиб бўлмайди, деган фикрдаман».

Айни пайтда ҳолат юзасидан текширув ишлари давом эттирилмоқда ва уларнинг натижалари бўйича қўшимча маълумот берилади, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг