Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бозордаги шубҳали шахснинг ёнидан гиёҳванд модда топилди

Бозордаги шубҳали шахснинг ёнидан гиёҳванд модда топилди

Бухоро вилояти, Ғиждувон тумани марказий деҳқон бозори атрофида юрган шахснинг хатти-ҳаракати ички ишлар ходимларининг эътиборини тортди ва уни кузатувда давом этишди.

Номаълум бу шахс тахминан, ярим соатдан ортиқ вақт олазарак ҳолатда бўлган. Ва сўнг у ўзининг ёнига келган - телефон орқали мулоқотда бўлаётган иккинчи шахс билан гўшакни қўймай туриб, жуда қисқа сонияларда қўлига дастрўмол тутқазиб, ўз ўрнида унинг ҳам қўлидан номаълум нарса олиб, воқеа жойидан жуда тез фурсатда узоқлашишга уринишган.

Уларни кузатишда давом этаётган ички ишлар ходимлари эса тезкор ҳаракатлар билан ҳар икки шахсни ҳам тўхтатишган. Аввалига фуқаро ён чўнтагига яширган дастрўмолини орган ходимларига топширишга қаршилик кўрсатган.

Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалоловнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, ўзига аввалдан таниш бўлган ғиждувонлик фуқаро Р.Б.га яширин равишда дастрўмол берган шахс Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида яшовчи фуқаро М.Ш. бўлиб чиққан. Дастрўмолдан эса соф вазни 9,44 граммга тенг бўлган кўп миқдордаги «Опий» гиёҳвандлик воситаси топилган. М.Ш. фуқаро Р.Б.га бу гиёҳванд моддани 500 АҚШ доллари эвазига сотаётган бўлган.

«Ҳолат айнан, «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор профилактик тадбирлар давом этаётган вақтда юзага келган. Осон даромад топиш илинжида қинғир йўллардан қайтмай, ўзгалар ҳаётини оғуга тўлдиришга уринаётган шахслар сонининг ошиб бораётгани оиладаги бефарқлик, ота-оналарнинг фарзандларига бўлган эътиборсизлиги ҳамдир. Худди шу куни Шофиркон тумани Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида 23 ёшли фуқаронинг бошқа бир фуқарога 5 дона гугурт қутига жойлаштирилган, соф вазни 12,94 граммга тенг бўлган кўп миқдордаги «Марихуана» гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда нақд 6 500 000 сўм эвазига сотаётган вақтида қўлга олинди. Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир вақтида эса Бухоро туманида яшовчи фуқаро ўзига аввалдан нотаниш бўлган кимсага соф вазни 0.47 грамга тенг бўлган «Гашиш» гиёҳвандлик воситасини 500.000 сўм эвазига сотаётган вақтида ушланди.

Гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланган бу оғуфурушлар айни пайтда қонун олдида жавобгарликка тортилишди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) тегишли қисмлари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда»,-дейди Шуҳрат Жалолов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг