Солиқ бошқармаси ходими оиласида уч эгизак туғилди
Бухоро шаҳрида истиқомат қилувчи 31 ёшли аёл бир йўла уч эгизак фарзандни дунёга келтирди. Воқеа Бухоро шаҳар туғуруқ мажмуасида қайд этилган.
Маълум қилинишича, 1995 йилда туғилган Дилрабо Латипова ўзининг учинчи бор она бўлиш жараёнида икки қиз ва бир ўғилни дунёга келтирган. Шифокорлар чақалоқларнинг саломатлиги ва вазнини қониқарли, дея баҳоламоқда. Хусусан, ўғил бола 2400 грамм, қизалоқлар эса 2140 ва 2200 грамм вазнда туғилган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, уч эгизакли ҳомиладорлик юқори хавф тоифасига киради ва доимий тиббий назоратни талаб қилади.
— Уч эгизак ҳомиладорлик алоҳида эътибор ва қатъий назоратни талаб этади. Ҳомиладор аёл мунтазам шифокор кузатувида бўлди. Туғуруқ жараёни муваффақиятли ўтди. Айни пайтда она ва чақалоқларнинг аҳволи яхши, — дейди акушер-гинеколог Ораста Қиличева.
Маълум бўлишича, чақалоқларнинг отаси Умид Аллаёров Бухоро вилояти солиқ бошқармасида фаолият юритади. Эгизакларнинг дунёга келиши оиладаги фарзандлар сонини беш нафарга етказди.
Ҳозирда она ва уч эгизак шифокорлар назорати остида парвариш қилинмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter