«Кўча боласи» бўлишни истаган ўқувчилардан иборат «тўда»га чек қўйилди
Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Шукурлаевнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, спорт билан шуғулланувчи бир гуруҳ бухоролик вояга етмаганларнинг жиноий ҳаракатларига чек қўйилиб, «уюшган тўда» фаолияти тугатилди.
Бухоро шаҳрида вояга етмаган ёшлар иштирокидаги уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ижтимоий тармоқлардаги тортишув ортидан келиб чиққан навбатдаги «кўча жанжали»нинг ортида жиддий муаммолар яширингани маълум бўлди.
Маълумотларга кўра, можаро аввал Instagram ижтимоий тармоғида бошланган. Гап-сўз бир қиз бола сабаб чиққан. Бухоро туманидаги мактаб ўқувчиси бўлган йигит билан ёзишмалар атрофида бошланган баҳсга Бухоро шаҳридаги 36-умумий ўрта таълим мактаб ўқувчилари ҳам аралашган. Оддий интернет тортишуви аста-секин ҳақорат, таҳдид ва «разбор» чақириқларига айланиб кетган.
Томонлар масалани «кўчада ҳал қилиш»га келишиб олишган.
Учрашув учун эса Бухоронинг энг гавжум ва туристлар қатнови юқори бўлган ҳудудларидан бири - эски шаҳар атрофидаги Самарқанд кўчаси танланган.
Кечки пайт белгиланган жойга келган жабрланувчиларни 10-15 нафардан иборат уюшган ёшлар гуруҳи қарши олган. Тергов маълумотларига кўра, жанжал олдиндан режалаштирилган бўлиши мумкин. Гуруҳ аъзолари жабрланувчиларни шафқатсизларча калтаклашган. Улар бошқарувидаги оқ рангли Nexia автомашинасига ҳам жиддий зарар етказилган.
Энг ташвишлиси, айрим гумонланувчилар ўзлари билан совуқ қурол олиб келгани ва жанжал вақтида ундан фойдаланганидир.
Натижада жабрланувчилар тан жароҳати олган.
Воқеадан сўнг гумонланувчилар ҳодиса жойидан яширинган. Бироқ, Бухоро вилояти ИИБ тезкор ходимлари томонидан улар қисқа вақт ичида аниқланиб, қўлга олинган.
Тергов жараёнида ушбу жанжалга алоқадор бир нечта таълим муассасалари номи тилга олинган. Бухоро шаҳридаги 3 та мактаб ва Бухоро туманидаги 1 та мактаб ўқувчилари можарода иштирок этгани айтилмоқда. Улар орасида олий таълим муассасаси талабалари ҳам бўлган. Айрим талабаларнинг ҳужжатсиз ҳолда автомашина бошқариб келгани ҳам аниқланган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жанжални зудлик билан тўхтатиб, иштирокчиларнинг ота-оналарини ҳам терговга чақирган.
Мазкур уруш-жанжалда шахсан иштирок этганларнинг шахсига аниқлик киритилганда, ҳолатга Бухоро туманидаги 39-сон умумий ўрта таълим мактаби, Бухоро шаҳридаги 36-, 15- ҳамда 10- сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари иштирок этгани аниқланган.
Воқеадан кейин Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи номига жиноятга алоқадор мактабларда хизмат текшируви ўтказиш тўғрисида тақдимнома киритилган. Ва шу асосда 4 та мактабда ҳам ўрганув ўтказилган.
Бошқарма масъул ходимининг билдиришича, ўрганувлар давомида жанжал иштирокчиларининг аксарияти дарсларда мунтазам қатнашиб келган. Ўша куни ҳам уларнинг барчаси машғулотларда иштирок этгани қайд этилган.
Бундан ташқари, мазкур умумий ўрта таълим мактаблари масъуллари томонидан ўз вақтида ҳуқуқбузарликка қарши кураш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида етарли тадбирлар ташкил этилмагани, манзилли чора-тадбирлар белгиланмагани натижасида мактаб ўқувчилари иштирокидаги бу каби нохуш ҳолатлар содир этилишига йўл қўйилгани таъкидланди.
Хусусан, ўрганувлар Бухоро шаҳридаги 36-мактаб фаолиятида жиддий камчиликлар мавжудлигини кўрсатган.
— Бу кўнгилсиз воқеа дарсдан кейин содир бўлган. Ўқувчиларнинг дарсларга қатнашувида муаммо бўлмаган. Лекин, 36-мактаб маъмуриятида жиддий хатолар бор. Мактаб иш режаси тасдиқланмаган. Дарс жадвали ҳам тартибли юритилмаган, — деди бошқарма масъули.
Ҳозирда гумонланувчиларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «а» банди, яъни бир гуруҳ шахслар томонидан безорилик содир этиш ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ички ишлар органлари, шунингдек, мазкур гуруҳ ҳаракатларидан жабрланган бошқа фуқаролар бўлса, мурожаат қилишларини сўраган.
Тергов жараёнида ота-оналарнинг пушаймонликлари ҳам жамоатчилик эътиборини тортди.
— Фарзандимнинг тарбиясига етарлича эътибор бермаганим учун пушаймонман. Ўғлимга ортиқча ишониб, уни назорат қилмабман,—дейди гумонланувчилардан бирининг онаси.
Мазкур жиноятнинг асосий ташаббускорлари сифатида 2009 йилда туғилган Ҳ.С. ва Т.М. тилга олинмоқда.
Гумонланувчилардан бири Ҳ.С. терговда қилган ишидан пушаймон эканини айтган:
— Халққа зарар етказдик. Лаби Ҳовузда, кўчада жанжал қилдик. Ўша пайт туристлар ҳам ўтиб кетаётганди. Қўрқиб кетишди. «Кўча боласи» бўлишни ҳавас қилгандик. Лекин, ҳозир қилган ишимдан пушаймонман.
Мутахассисларнинг фикрича, мазкур воқеа фақат оддий ёшлар жанжали эмас. Бу - ижтимоий тармоқларда шаклланаётган «кўча романтикаси», назоратсиз интернет муҳити, вояга етмаганлар орасидаги сохта обрў учун кураш ва таълим-тарбия тизимидаги бўшлиқларнинг бир нуқтада тўқнашган хавфли сигналидир.
Бухоронинг тарихий марказида, сайёҳлар кўз ўнгида содир бўлган бу каби воқеалар, нафақат, жамоат хавфсизлигига ҳамда шаҳарнинг нуфузига ҳам жиддий соя ташламоқда.
Мазкур ҳолат содир бўлишига йўл қўйган мансабдор шахслар ва масъуллар хатти-ҳаракати юзасидан Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга қайтамиз.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter