Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Чақалоқлар орасида хавфли вирус тарқалди, қурбонлар бор

Чақалоқлар орасида хавфли вирус тарқалди, қурбонлар бор

ЖССТ Европанинг олти давлати — Буюк Британия, Испания, Италия, Франция, Хорватия ва Швециядан янги туғилган чақалоқларда экховирус-11 (Э-11) билан касалланиш ҳолатлари кўпаяётгани бўйича маълумот берди. 

Хусусан, Франция соғлиқни сақлаш вазирлиги шу йил май ойида мазкур инфекция туфайли гўдаклар ўртасида сепсиснинг оғир шакллари ортганини маълум қилган.

Оқибатда бу ерда етти нафар гўдак ҳаётдан кўз юмди, яна икки нафарининг аҳволи оғир. Июнь ойидан бошлаб эса Европанинг бошқа мамлакатларида ҳам инфекцияга чалиниш ҳолатлари қайд этилган.

Таҳлилларга кўра, 2016 йилдан 2021 йилгача дунё бўйича чақалоқлар ўртасида Э-11 ни юқтириш кўрсаткичи бошқа юқумли касалликларга қиёслаганда 6,2 фоизни ташкил этган бўлса-да, ўтган йили бу рақамлар 55 фоизгача кўтарилган.

ЖССТ гарчи бу ҳолатни аҳоли саломатлиги учун глобал хавф, деб баҳоламаган бўлса-да, шифокорларни текширув қамровини оширишга ва эҳтиёткорликка чақирди.

Эслатиб ўтамиз, экховирус — турли юқумли хасталикларни келтириб чиқарувчи, ўзида рибонуклеин кислоталар сақловчи энтеровируслар (ичак вируслари) гуруҳига мансуб.

У ичак, марказий нерв тизими, юрак ва бошқа аъзоларнинг зарарланиши билан кечадиган турли касалликларга сабаб бўлади. Энтеровируслар ташқи муҳитда узоқ вақт яшаш қобилиятини сақлайди, кислотага чидамли.

Одатда хасталик енгил шаклда давом этади. Аммо янги туғилган чақалоқларда инфекция ўткир вирусли гепатит, сепсис, менингит ва қон кетишининг бузилиши каби касаллик ва оғир асоратларни келтириб чиқариши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг