Гулистондаги портлашда 30 га яқин киши жабрланган. ССВ расмий маълумот берди
ССВнинг маълум қилишича, Гулистондаги ҳодиса оқибатида 29 нафар фуқаро турли даражадаги куйиш ва тан жароҳатлари олган. Шундан 26 нафари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиалига ётқизилган, 3 нафарининг аҳволи қониқарли бўлгани боис амбулатор ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган.
Ўта оғир қабул қилинган беморлардан 3 нафари вафот этган. Ҳозирги пайтда шифохонага ётқизилган 1 нафар беморнинг аҳволи ўта оғир бўлиб, у сунъий нафас олиш аппаратида. Реанимациядаги мавжуд беморларнинг 5 нафари мўътадил оғир, нафаси мустақил, ҳушида.
Айни пайтда қабул қилинган беморлардан икки нафари ҳомиладорлиги сабабли Республика ихтисослаштирилган она ва бола илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё вилояти филиалига кўчирилган. Уларнинг аҳволи қониқарли. Қолган 15 нафар беморнинг ҳам аҳволи қониқарли бўлиб, улар тегишли бўлимларда муолажа олмоқда.
«Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Даврон Тўлаганов бошчилигидаги комбустиолог, реаниматолог, нейрохирург, қўшма жарроҳлар хирурги, травматолог ва микрохирурглардан иборат малакали мутахассислар шу куннинг ўзида воқеа жойига етиб бориб, беморларга тиббий хизмат кўрсатмоқда.
Шифохонада беморлар учун зарур бўлган барча дори-дармонлар мавжуд. Уларга тегишли стандартлар асосида малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар бир бемор саломатлигини ўз назоратига олган», – дейилади вазирлик хабарида.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter