Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бугун Ўзбекистонда 42 та янги энергетика объектлари ишга туширилди

Бугун Ўзбекистонда 42 та янги энергетика объектлари ишга туширилди

Бугун, 5 декабр куни Тошкент шаҳридаги Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтган маросимда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва унда янги энергетика қувватлари ишга туширилди, навбатдагиларининг қурилиши бошланди.

Тадбир доирасида давлатимиз раҳбари Бирлашган Араб Амирликлари, Озарбайжон, Қирғизистон, Саудия Арабистони, Туркия ва Хитой делегацияларини қабул қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев энергетика соҳасидаги обектлар ва лойиҳаларни ишга тушириш маросимида нутқ сўзлаб, ўсиб бораётган иқтисод шароитида энергетикага бўлган талаб ошиб бораётганини айтиб ўтди.

«Бугун жадал суръатларда ўсиб бораётган иқтисодиётимиз ва аҳолининг талаб ҳамда эҳтиёжидан келиб чиқиб, энергетика тизимида катта ислоҳотларни амалга оширяпмиз.

 Биз бу йўналишда иккита муҳим мақсадга эришишни асосий вазифа қилиб белгилаганмиз. Биринчиси, барча тармоқ ва ҳудудлар учун ишончли ва узлуксиз энергия таъминотини йўлга қўйиш. Иккинчиси эса ана шу режамизни замонавий, экологик тоза ва қайта тикланувчи муқобил манбалар ҳисобидан амалга оширишдир», – деди Президентимиз.

Маросимда қарийб 11 миллиард долларлик 42 та янги қувват ва инфратузилма обектлари ишга туширилди, яна 21 та янги лойиҳа қурилишига старт берилди.

Бу орқали ҳудудларда жами 3 минг 500 мегаваттли 16 та қуёш, шамол, иссиқлик ва гидро стансия фойдаланишга топширилади. Улар тўлиқ қувватда ишлай бошлагач, йилига 15 миллиард киловатт-соат электр генерация бўлади. Натижада келгуси йилда «яшил» энергия ишлаб чиқариш ҳажмини 23 миллиард киловатт-соатга етказилади.

 «Эътибор беринг, бу – Ўзбекистон аҳолисининг йиллик электр энергия истеъмоли тўлиқ қопланади, деганидир», – деди Президентимиз.

Энг муҳими, «тоза» энергия ҳисобига табиий газ сарфи салкам 7 миллиард куб метрга камаяди. Атмосферага 11 миллион тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олинади.

1 минг 245 мегаваттли 10 та энергия сақлаш тизими ҳам ишга туширилмоқда. Бу энергия энг кўп истеъмол қилинадиган тиғиз вақтларда қўшимча 1,5 миллиард киловатт-соат электр энергиясини тармоққа узатиш имконини беради.

Фойдаланишга топширилаётган 11 та йирик подстансия ва 420 километр юқори кучланишли тармоқлар тизимнинг барқарор ишлашига хизмат қилади.

«Албатта, биз эришган натижаларимиз билан тўхтаб қолмаймиз. Келгуси 5 йилда 150 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ҳисобидан минглаб саноат ва инфратузилма обектларини ишга тушириб, юқори даромадли иш ўринларини яратамиз», – деди Президентимиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг