ИИВ жим. Савол очиқ: «Абдуллоҳ қани?»
Аввал ижтимоий тармоқларда, сўнг қатор маҳаллий сайтларда Андижон вилояти Жалақудуқ туманида истиқомат қилувчи 20 яшар Абдуллоҳ Тоҳиров вилоят ИИБга чақирилганидан бери уйига қайтмагани ҳақида бонг урилди. Фавқулодда воқелик ҳисобланган айни ҳолат, мана бир неча кундирки, катта муҳокамаларга сабаб бўлаётир.
«Kun.uz»га кўра, ҳаммаси шу йилнинг 26 октябрь куни эрталаб Абдуллоҳ Тоҳировнинг Қўрғонтепа туманида йўл-транспорт ҳодисаси содир этганидан кейин бошланган. У қариндошининг «Lacetti»сида «Nexia-2» русумли автомашинани туртиб юборади. Кейинчалик маълум бўлишича, «Nexia-2» Андижон вилояти ИИБ Терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи, подполковник Қаҳрамон Эргашевга тегишли экан. А. Тоҳировнинг отаси етказилган зарарларни қоплашдан бўйин товламайди. Андижон шаҳрининг Боғишамол даҳасидаги эски машина бозорга яқин жойдаги устахонага «Nexia-2» таъмири учун зарур эҳтиёт қисмлари ва маблағни ташлаб кетади. Шу жараёнда ота таъмирталаб машинанинг очиқ турган юкхонасида «VSF» категориядаги давлат рақамга кўзи тушади...
Шундан сўнг воқелар ривожи кутилмаганда ўзгариб кетади: 27 октябрь куни Абдуллоҳ вилоят ИИБга чақиртирилади. Ва... шундан буён йигит уйига қайтгани йўқ!
Андижон вилояти ИИБ бошқарма бошлиғи Қ. Эргашевга кўра, йигит Тошкентга олиб кетилган, эмишки, у интернетда «нозик одамлар»ни сўкиб (бир нималар) ёзиб қўйибди, унга кўпи билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси берилади...
Бироқ Абдуллоҳ Тоҳиров қайси суд томонидан, қачон ва қайси айблар учун 15 сутка жазога тортилган - бу ҳақдаям ҳеч қандай маълумот йўқ...
Ички ишлар вазирлиги сукутда. Савол ҳамон муаллақ турибди: «Абдуллоҳ қаерда?»
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter