Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Когонда гиёҳванд моддалар сабаб икки шахсга ҳукм ўқилди

Когонда гиёҳванд моддалар сабаб икки шахсга ҳукм ўқилди

Фото: Xabar.uz

Когон шаҳрида гиёҳвандлик воситаси билан боғлиқ жиноят иши бўйича икки шахсга нисбатан ҳукм чиқарилди. Улар гиёҳвандлик воситаси билан боғлиқ жиноят содир этишган. Бу ҳақда «Xabar.uz»га маълум қилган Бухоро вилояти суди ахборот хизмати раҳбари Феруз Шароповнинг таъкидлашича, икки нафар шахс ҳам илгари судланмаган.

Суд ҳужжатларига кўра, жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар суди томонидан 31 ёшли Суннат Ярашев ва 21 ёшли Вали Самиевларга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилган.

Қайд этилишича, Когон шаҳрида тезкор тадбир ўтказилган. Унда назорат остидаги харид учун 5 миллион сўм пул берилган. Юқорида исми-шарифи (ўзгартирилган) келтирилган шахслар олдиндан ўзаро тил бириктириб, ушбу пул эвазига 14,40 грамм миқдордаги «гашиш» гиёҳвандлик воситасини ўтказишга ҳаракат қилган.

Самиевнинг судда берган кўрсатувига кўра, у Ярашевдан олган 5 миллион сўм қарзи эвазига гиёҳвандлик воситасини гаров сифатида қолдирган. Кейинчалик қарзининг бир қисмини қайтариб, ушбу моддани олиб кетган. У назорат остидаги харид жараёнида «Амир» тахаллусли шахсдан 5 миллион сўм олган ва яна Ярашевнинг хонадонига борган.

Ярашев эса ўз айбига иқрор бўлмаган. У Самиевдан қарз олгани, гиёҳвандлик воситасини гаров сифатида қолдиргани ва кейинчалик қарзини қайтариб, уни олиб кетганини айтган. Суд эса бу важларни жавобгарликдан қутилиш мақсадида билдирган, дея баҳолаган.

Судда сўроқ қилинган гувоҳлар ва ишдагиужжатларга кўра, Самиевдан гиёҳвандлик воситасига ўхшаш модда ҳамда назорат тадбирида ишлатилган пулларнинг бир қисми олинган. Шундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Ярашевнинг Бухоро шаҳридаги яшаш манзилини кўздан кечирган.

Кўздан кечириш жараёнида уйдан гиёҳвандлик воситасига ўхшаш моддалар, 4,3 миллион сўм пул, махсус идишлар ва тўрт дона гултувак аниқланган. Экспертиза хулосаларига иш бўйича олинган моддаларнинг «гашиш» экани ва уларнинг тегишли миқдорлари кўрсатилган.

«Суд Ярашевга қўйилган Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича айбловни исботланмаган, деб топди. Терговда гултуваклардаги ўсимликлар тақъқиқланган каннабис экани ҳақида экспертиза ўтказилмагани ва ўсимлик тури ангиқланмагани суд томонидан инобатга олинди. Суд Конституция ва Жиноят-процессуал талабларига таянади. Айбдорликка оид барча шубҳалар судланувчи фойдасига ҳал қилиниши лозимлигини инобатга олди. Шу асосда Ярашев мазкур ҳолат бўйича айбсиз, деб топилди ва ишнинг шу қисми тугатилди»,—деди Когон шаҳар суди раиси Акрам Раҳимов.

Бироқ, суд Ярашевни гиёҳвандлик воситасини ўтказиш мақсадида сақлаш билан боғлиқ жиноятларда айбдор, деб топган. Унга 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазоларни қисман қўшиш орқали унга узил-кесил 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. 

Самиевга эса унинг ёши, айбига тўлиқ иқрорлиги инобатга олиниб, 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Ҳар икки судланувчи жазони умумий тартибли колонияда ўтайдиган бўлди.

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг