Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Маданият вазирлиги 10 метр баландликдан қулаган акробатлар ҳақида маълумот берди

Маданият вазирлиги 10 метр баландликдан қулаган акробатлар ҳақида маълумот берди

Фото: NOS

Ўзбекистонлик ҳаво гимнастикачилари Кристина Воробёва ва Рустэм Османов 3 январ куни «Карре Амстердам» театридаги чиқиш пайтида ўн метр баландликдан қулаб тушгани хабар қилинган эди. Фожиа Рустэм Османов Кристина Воробьёвани бир қўли билан ушлаб турган вақтда иккинчи қўли кучини йўқотиши натижасида рўй берди.

Жуфтлик деярли бир вақтнинг ўзида тушиб кетди: Воробьёва орқа томони билан йиқилиб, ҳаракатсиз қолди. Томошабинлар аввалига воқеани чиқишнинг бир қисми сифатида қабул қилишди, аммо кўп ўтмай, бошловчи ҳаммадан зални тарк этишини сўради. Ҳозир акробатлар касалхонада, «МИР» телеканали томонидан берилган хабарда уларнинг аҳволи оғир деб баҳоланган. Аммо Маданият вазирлиги матбуот хизмати томонидан Xabar.uz'га маълум қилинишича, Кристина касалхонада жарроҳлик амалиётидан ўтган ва айни вақтда унинг ҳолати қониқарли баҳоланмоқда. Рустэм Османов эса яхши ҳолатда. У Кристинанинг устига тушгани учун оғир жароҳат олмаган.

Кристина Воробьёва ва Рустэм Османов Sky Angels дуэтида кўплаб совринларни, шу жумладан цирк «Оскар»и деб аталадиган мазкур саноатнинг энг олий «Олтин масхарабоз» мукофотига сазовор бўлишган. Улар тишларга осилган ҳолатда бажариладиган энг мураккаб трюкларни ҳимоя тўрисиз бажарадиган Ўзбекистондаги ягона цирк артистларидир.

«Биз ўз чиқишимизни 5 йил олдин ўйлаб топганмиз ва уни ҳамон такомиллаштиришга ҳаракат қилмоқдамиз», деган эди Кристина Воробьёва 2017 йилда «Газета.uz»га. — Биз тиш билан чиқиш қиладиган Ўзбекистондаги ягона ҳаво гимнастикачиларимиз. Циркда артист ўз томошабинларини ҳайратда қолдириши ва завқлантириши керак, деб ҳисоблаймиз».

Маданият вазирлиги томонидан маълум қилинишича, акробатлар Ўзбекистон давлат циркининг ходимлари эмас ва шартнома асосида фаолият юритиш учун хорижга йўл олишган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг