Маст ҳайдовчининг 20 миллион сўмлик «таклифи» қимматга тушди
Бухорода маст ҳолатда автомобиль бошқарган ҳайдовчи «ёмғирдан қочиб, дўлга тутилди». У йўл ҳаракатини қўпол равишда бузиб, қонундан қочиш учун масъул ходимга пора таклиф қилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Шукурлаев маълум қилди.
Бухоро вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан Когон тумани ҳудудида маст ҳолатда транспорт воситасини бошқариб келаётган ҳайдовчи Г.Д. тўхтатилган. Ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131-моддаси (Транспорт воситаларини мастлик ҳолатида бошқариш) асосида тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомобиль жарима майдончасига жойлаштирилган.
Бироқ, қоидабузар ҳайдовчи қилмиши учун қонуний жавоб бериш ўрнига, масъулиятдан қутулиш йўлини танлаган. Г.Д. тўпланган ҳужжатлар судга оширилмаслиги ва ўзига нисбатан чора кўрилмаслиги эвазига масъул ходимга 20 миллион сўм миқдорида пора таклиф қилган. Ходим эса қонун устуворлигини таъминлаб, мазкур ноқонуний таклиф ҳақида дарҳол раҳбариятга ёзма тарзда билдирги киритган ва қонуний чора кўришни сўраган.
Тезкор тадбир давомида қоидабузар шахс 20 миллион сўм пора бераётган вақтида ушланган. Амалиёт ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармасининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Когон тумани бўлими ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган. Ҳолат юзасидан ашёвий далиллар расмийлаштирилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси ( Пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мутасаддилар таъкидлашича, маст ҳолатда рулга ўтириш фақатгина ҳайдовчининг эмас, йўлдаги бошқа одамларнинг ҳам ҳаётини хавф остига қўяди. Қонунни пул билан «ҳал қилиш»га уриниш эса жавобгарликни янада оғирлаштиради


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter