«Миллий» телеканали мухбирлари калтакланди
«Миллий» телеканалининг «Миллар» дастури ходимлари номаълум шахслар томонидан калтакланди. Бу ҳақда телеканал эфирида маълум қилинди.
Қайд этилишича, дастур жамоаси 24 январь куни Чилонзор тумани Бунёд кўчасида жойлашган омборхонада юз берган ёнғин тафсилотиларини суратга олиш учун боришган.
Тошкент шаҳар ФВВ ахборот хизмати раҳбари ўша ерда фаолият олиб бораётган гуруҳ раҳбаридан рухсат олиб, суратга олишингиз мумкин, дея жавоб берган. Гуруҳ раҳбари журналистларга ФВВ ходимлари қандай фаолият олиб бораётганликларини «айнан ичкарига кириб» суратга олишга рухсат берган.
Журналистлар ФВВ, ИИБ ҳамда Миллий гвардия ходимлари назорати остида суратга олишга киришган.
«Бирданига номаълум шахслар тасвирчига ташланиб, уриб кетишди. 5-6 киши эди. Тасвирчининг ҳамма жойи қон бўлиб кетганди. Лаби йиртилган эди. Ўзим кўриб «шок»ка тушиб қолдим. Микрофонимни олиб, зўрға ташқарига чиқишга улгурдим», — дейди дастур мухбири Олимжон Ҳасанбоев.
Маълум қилинишича, калтакланган тасвирчининг «ёрдам беринг, ўзим бу ердан кетолмайман», деган чақирувидан кейин миллий гвардия ходимлари тасвирчини ташқарига олиб чиқишган. Бироқ безорилар қўлидан телеканал камераси ва микрафонини олишнинг имкони бўлмаган.
Калтакланган ходимлар дарҳол 16-сонли шифохонага етказилган. Уларнинг калтакланганликлари ҳақида шифокорларнинг тиббий хулосаси мавжуд. Бироқ ҳанузгача телеканал камераси қайтарилмагани ва безориларга чора кўрилмагани айтилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter