Божхонада олтин қуймани боласининг таглигида олиб ўтмоқчи бўлган аёл қўлга олинди
Тошкент вилоятидаги «Навоий» чегара божхона постида болалардан фойдаланган ҳолда олтин ва хорижий валютани ноқонуний олиб чиқишга уринишларнинг олди олинди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳолатлардан бирида Ўзбекистондан чиқиб кетаётган аёл чақалоғининг таглигига қарийб 200 грамм оғирликдаги икки дона олтин қуймани яшириб олиб чиқишга уринган. Шунингдек, унинг ёнидан божхона назоратига тақдим этилмаган 70 грамм оғирликдаги заргарлик буюмлари ҳам аниқланган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу ҳолатда ноқонуний олиб чиқилишига уринган олтин буюмларнинг умумий қиймати қарийб 450 миллион сўмни ташкил этган.
Яна бир ҳолатда эса қўшни давлат фуқароси 14 ёшли қизининг кийимлари остига 40 минг АҚШ долларини яшириб, уни Ўзбекистондан олиб чиқишга уринган вақтида божхона ходимлари томонидан тўхтатилган.
Божхона қўмитаси эслатишича, жисмоний шахслар божхона қоидаларига риоя қилган ҳолда Ўзбекистондан 100 миллион сўмгача эквивалентдаги нақд хорижий валютани чекловларсиз олиб чиқиши мумкин. Мазкур меъёр резидент ва норезидент жисмоний шахсларга бирдек татбиқ этилади.
Шунингдек, вояга етмаган шахсни ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этишга жалб қилиш қонунчиликка мувофиқ жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланади.
Ҳозирда ҳар иккала ҳолат юзасидан божхона суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter