ППХ ходимини ёш қизга шилқимликда айблаган оҳангаронлик йигитлар 7 суткага қамалди
Бир неча кун аввал ижтимоий тармоқлар орқали Оҳангарон шаҳрида яшовчи ўсмирлар ППХ ходими 14 ёшли қизни дугонаси билан бирга тоғли ҳудудга олиб бориб, уларга шилқимлик қилганини айтиб мурожаат билан чиққан эди. Шу куннинг ўзидаёқ ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти мазкур ҳолат юзасидан текширув бошланганини билдирган.
«Нашрларда тилга олинган ходим лавозимидан четлаштирилди. Агар даъво қилинган ҳаракатлар тасдиқланса, уларнинг ҳаракатлари қатъий қонуний чоралар, жумладан, жиноий жавобгарликка тортилади», – дейилган ИИВ ЖХД матбуот хизмати хабарида, бироқ ходимнинг айнан қайси қилмиши учун лавозимидан олинганига аниқлик киритилмаган.
Бугун, 2 май куни Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати юқорида айтилган ходимни шилқимликда айблаган 18 ёшли йигит ва унинг 2 нафар тенгдоши МЖтКнинг 183, 194 ва 195-моддалари бўйича айбдор деб топилиб, Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон шаҳар суди қарори билан 7 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинганини маълум қилди.
«У ҳодиса иштирокчилари ва гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳамда ҳолат юзасидан ўтказилган суриштирувлар давомида ўзининг барча қилмишларини тан олган», – дейди вилоят ИИББ матбуот котиби Бобур Тўлаганов.
«ИИБ ходимининг машинасида, мен қариндошим деган, аслида эса менга қариндош бўлмаган яна бир қиз ҳам бўлган. 27-28 апрел кунлари ППХ ходими ўзининг машинасида вояга етмаган қиз болани олиб кетгани ҳақида видео жойлаганман ва уни педофилликда айблаганман.
Энди тушуниб етдимки, мен бу ҳолатда ноҳақ эканман. Бу учун узр сўрайман», – дейди А. исмли йигит.
Шунингдек, ушбу йигит ИИБ биносига чақиртирилганда ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмасдан бино ҳудудида жанжал кўтарганликда ҳам айбланмоқда.
Бундан ташқари, йигитга нисбатан ИИБ ходимларини қасддан обрўсизлантириш, интернет орқали ёлғон ахборот тарқатиш ҳамда гуруҳ бўлиб транспорт воситасига шикаст етказиш ҳолатлари юзасидан ваколатли органлар томонидан тегров ҳаракатлари ҳам олиб борилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter