Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Прокуратура қаршисидаги жиноят...

Прокуратура қаршисидаги жиноят...

Чилонзор туман прокуратураси ўз биноси олдидаги «дарахткушлик» учун жиноят иши қўзғатди.

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги ҳудудда қурувчи ташкилот томонидан 58 туп ҳар хил турдаги дарахтлар қонунга хилоф равишда кесиб юборилганлиги оқибатида табиатга 797,7 млн. сўм миқдорида зарар етказилгани хабар қилинганди. 

Ўтказилган текшириш натижасига кўра, Чилонзор тумани прокуратураси томонидан қурувчи ташкилот мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Эътиборлиси, бу ноқонуний иш туман прокуратураси рўпарасида содир этилган. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев маълум қилди.

«Дарахтлар кесилиши оқибатида табиатга 797 млн сўмлик моддий зарар етказилган. Энг ёмони, бу зарарни давлат корхонаси бўлган Ободонлаштириш ҳисобидан қопланяпти. Яъни улар келиб кесилган дарахтлар ўрнига янги дарахтлар экмоқда. Бу нима мантиқсизлик», дейди у.

Эътиборлиси, Чилонзор кўчасидаги аввалги «дарахткушлик» ҳам шаҳар прокуратураси биноси қаршисида содир бўлганди. 

Ўша ҳодисадан кейин Чилонзор ҳокими ва прокурори лавозимидан олиниб, Ортиқхўжаев ва Қосимовга қаттиқ ҳайфсан берилганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг