Қорақалпоғистонда Қизил китобга киритилган Бухоро буғулари овланди
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тасарруфидаги Қуйи Амударё давлат биосфера резервати ходимлари томонидан 3 бош Бухоро буғуси овланганлиги аниқланди.
Ҳолат Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани ИИБ томонидан ўрганилганда, бир бош эркак ва икки бош урғочи буғулар ов милтиғи билан ўлдирилгани маълум бўлган.
Ҳодиса жойи кўздан кечирилганида эса резерватнинг захира ерларидан 2 та ов милтиғи ўқ дорисининг пластик бўлаклари, қонга ўхшаш қизил доғлар ва ов милтиғи топилган. Ов милтиғи ашёвий далил сифатида олинган.
Қизил китобга киритилган Бухоро буғулари ўлдирилиши натижасида ҳайвонот дунёсига жами 3 млрд 375 млн сўмлик моддий зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан фуқаро М.К. Жиноят кодексининг 202-моддаси (ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилиниб, қўлга олинган.
Вазирликка кўра, ҳозирда ҳодиса бўйича Беруний тумани ИИБ тергов бўлинмаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter