Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухорода талаба қизлар 5,9 миллион сўм билан қўлга олинди

Бухорода талаба қизлар 5,9 миллион сўм билан қўлга олинди

Фото: Xabar.uz

Бухородаги олий таълим муассасаларидан бирида таҳсил олувчи 19–20 ёшли бир гуруҳ қизлар осон даромад топиш мақсадида нуфузли ташкилотда ишловчи оилали эркакнинг шахсий ҳаётига дахл қилиш орқали уни шантаж қилишга уринишгани маълум бўлди.

Вилоят ИИБ масъулининг «Xabar.uz»га билдиришича, ҳолат юзасидан тезкор тадбир ўтказилиб, гумонланувчилар пул маблағини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган ва уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Таъкидланишича, текин даромад топиш йўлига ўтган қизлар аввалдан кўзлаган режаларини амалга ошириш пайига тушишган. Улар Н.Р. исмли эркак билан интернет орқали мулоқотга киришиб, ёзишмаларни сақлаб қўйишган. Кейинчалик ушбу маълумотларни иш жойи ҳамда ижтимоий тармоқларда тарқатиш билан таҳдид қилиб, Н.Р.дан 500 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилишган.

Аввалига ўз шаъни ва обрўйидан қўрққан Н.Р. қизлардан узр сўраган. Шунга қарамасдан, қизлар шахсий манфаатларини кўзлаб, шантаж йўли билан 500 АҚШ доллари беришни талаб қилаверишган.

Шундан сўнг Н.Р. ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишга мажбур бўлган. Тезкор тадбир Бухоро шаҳридаги «Улгуржи» бозори атрофида ўтказилган. Гумонланувчилар талаб қилинган 5 900 000 сўмни олаётган вақтда Ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўлга олинган.

«Қилмишимиз учун афсусдамиз. Бу йўл билан пул топишга уриниш бизнинг энг катта хатоларимиздан бири бўлди. Ўша пайтда қилган ҳаракатларимизнинг оқибати бунчалик оғир бўлишини тўлиқ англамаган эканмиз. Ҳозирда қонун олдида жавоб беряпмиз. Ва қилмишим учун жавобгарликни тўлиқ қабул қиламиз. Бу биз учун катта сабоқ бўлди. Осон пул, шантаж ва қўрқитиш орқали топилган даромад ҳеч қачон оқибатсиз қолмас экан, пушаймонмиз. Ўзимиз таҳсил олаётган олийгоҳ маъмуриятидан ҳам узр сўраймиз»,—дейишган қизлар.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Ушбу моддага мувофиқ, бу турдаги жиноят бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилганда, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилади.

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг