Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти раисининг жасади топилди
Алишер Мирзонабот.
30 июн куни эрталаб Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси қутқарувчилари Тоғли Бадахшон мухтор вилояти раиси Алишер Мирзонаботнинг жасадини топишди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати раҳбари Ориф Нозимиён маълум қилди.
Унинг айтишича, жасад Хатлон вилоятининг Шамсиддин Шоҳин туманидаги Кишт қишлоғи яқинида Панж дарёси сув юзасида аниқланган.
Марҳумнинг шахси тиббий экспертиза орқали тасдиқланган.
Айни пайтда қутқарувчилар Алишер Мирзонаботнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган қизини қидириш ишларини давом эттирмоқда.
Қидирув-қутқарув ишлари 17 июндан буён олиб борилмоқда. Ўша куни Тоғли Бадахшон мухтор вилояти раҳбари Алишер Мирзонабот ҳамда уни кузатиб бораётган шахслар бўлган автомобил Дарвоз тумани ҳудудидаги йўлдан чиқиб кетиб, Панж дарёсига қулаб тушган эди.
Аввалроқ қутқарувчилар ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган ҳайдовчи ва вилоят раҳбарининг маслаҳатчиси жасадларини топганди.
Тожикистон ИИВ маълумотига кўра, мазкур ҳодисани тергов қилиш жараёни мамлакат президенти Эмомали Раҳмоннинг шахсий назорати остида олиб борилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter