Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

“Бахти Ташкентский”нинг ўғли: “Ўша пайтда хомхаёллар билан яшаганман”

“Бахти Ташкентский”нинг ўғли: “Ўша пайтда хомхаёллар билан яшаганман”

Жиноят оламида “Бахти Ташкентский” номи билан танилган Қудратуллаев Бахтиёр Зафарович 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Ҳозирда унинг ўғли — Бекзод Зафаров ҳам жазо муддатини ўтамоқда.

ИИВ у билан суҳбатни эълон қилди.

“Ўша пайтда отамнинг йўналишларини ушлайман, деган хомхаёллар билан яшаганман. Энди эса тушундим — буларнинг барчаси катта хато экан. Колонияга келганимга бир йил бўлди. Хўжалик ишларида, қурилишда ва ишлаб чиқариш корхонасида, мебел цехида ишлаяпман. Бу ерда ким бўлишингдан қатъи назар, ҳамма учун қонун битта.

Жиноят оламига ҳавас қилишнинг ҳеч қандай фойдаси йўқ. Одам эл-юртга, ота-онага, маҳаллага фойдаси тегадиган инсон бўлиши кераклигини шу ерда англадим.

Оила ва фарзанд соғинчи тўрт девор орасида янада кучли ҳис этилади. Қамоққа тушгач, инсон нима йўқотганини тушунади. Фарзандларимнинг “Дада, тезроқ келинг” деган сўзлари ҳали-ҳануз қулоғимда жаранглайди.

Оила — муқаддас. Бу ажралишга инсоннинг ўзи сабабчи экан. Ҳозир айбни ўзимдан бошқада қидирмайман. Ҳар бир қилмиш учун жавоб бор. Қонунни билиб, унга амал қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчи экан”, дейди маҳбус.

Зафаров Бекзод Бахтиёр ўғли Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “В” банди ҳамда 168-моддаси 4-қисми “В” бандига асосан айбли деб топилиб, 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

“Мен қилган ишимдан чин дилдан пушаймонман. Ёшларга маслаҳатим — ота-онанинг дуосини олиб, ҳалол меҳнат қилиб, касб-ҳунар ўрганиб, жамиятга фойда келтирадиган инсон бўлинг”, қўшимча қилади у.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг