Беш ярим йил ноҳақ «ўтирган» собиқ МХХ ходимаси ҳамон адолат истайди
Гўёки ҳаммаси жойида, ортиқча муаммо йўқдек: йўл-йўриқлар кўрсатиляпти, тегишли тушунтиришлар берилмоқда, бу жараёнда ҳатто чуқур ҳамдардлик ҳам изҳор этилмоқдаки, буёғи энди ўзингизга тан. Ҳаракат қилсангиз, муродга етгайсиз, насиб. Йўқса...
Бунақа жимжимадор жавоблар кимнидир тўлқинлантириши, судга энди иши тушмаган одамни эса йиғлатворишиям мумкин: «Шундай ҳуқуқларим бор экан-у билмай юрибман-а, во дариғ!»
Мўътабар Ғофурова бундай жавобларни ўқиб, на ҳаяжонга тушади, на умиди оловланади. Айтадигани битта: «Яна ўша эски гап...». Рост-да, қонунга зарб этилмиш ҳуқуқларинг амалда тўла акс этавермаса, адолатга борар йўллар аччиқ ичакдан чўзилаверса, бошқа нимаям дейиши мумкин?!
Дарвоқе, Мўътабар Ғофурова...
Исм-шариф танишдай туюлмаяптими? Фарғоналик. Собиқ МХХ ходимаси! Ўзи ва раҳбари ўртасида юзага келган келишмовчилик (шунақа деймизда энди, аммо «келишмовчилик»ни айтиб ҳам бўлмайди, ёзиб ҳам!) сабаб қўлбола айбловлар билан етти йилга «кесилган» аёл?! Унинг аччиқ қисмати ҳақида марказий нашрда, унга таяниб, сайтимизда ҳам қисман ёзилганди. Эсингизга тушдими?
Шунга қарамай яна бир карра танишмоқ ортиқчалик қилмайди.
1992-2009 йилларда собиқ МХХнинг Фарғона вилояти бошқармасида турли лавозимларда ишлаб, соғлиғи билан боғлиқ муаммо сабаб (капитан ҳарбий унвонида) 43 ёшида пенсияга чиққан Мўътабар Ғофуровага оёқни узати-иб дам олиш насиб этмади. Пенсияга чиқишидан аввалроқ куртак отган «келишмовчилик» ишдан кетганидан кейин баттар кучайиб, ўша йилнинг (2009 й.) охирида етти йилга озодликдан маҳрум этилиши билан интиҳо топди. Бироқ адоват қувватдан кетмагани ростдирки, йўқ айблов билан шу-унча йилга «кесилган» маҳкума, аёл эканига қарамай, амнистияларга илинмади.
Ниҳоят, 2015 йилнинг февралида, роппа-роса беш ярим йил «ўтиргач», озодликка чиқди. Озодликка чиққанидан уч ярим йил ўтиб, 2018 йилнинг май ойида тамоман оқланди!
Қандай айблар билан озодликдан маҳрум этилгани, айбловларнинг мазмун-моҳияти борасида тўхталишнинг ҳожати йўқ. Чунки, қаҳрамонимизнинг суди, унинг профессионал касби нуқтаи назаридан ёпиқ шаклда ўтган, демакки, суд-тергов материалларини оммага ошкор этишга қонун кўпам изн беравермайди. Қолаверса, қўйилган айбловлар эндиликда пуфакдай учиб, М.Ғофурованинг айбсизлиги қонунан исботини топди.
Кечроқ бўлсаям ҳақиқат қарор топгани – қаҳрамонимизнинг профессионал салоҳияти ва профессионал ҳалоллигидан катта белги аслида. Йўқса, унинг фаолияти чакана ковланмадими?! Нима қилиб бўлсаям жиноятчига чиқариш учун озмунча тер тўкилмадики, шундаям топган-йиққан айбловлар барибир чок-чокидан сўкилди... Бирорта жиддий айблов топилганда-ку, оқлов ҳукми ҳатто тушга кирмасди-я?!
Хўп, муаммо нимада: аёл оқланибди, дўст-у ёр олдида юзи ёруғ, боз ноҳақ қамалгани учун товон ундириш масаласи насияга ҳам қолмагандир?!
Ноҳақлик жонидан ўтиб кетган одам тинч ўтирмаслиги табиий. Бунинг учун уни «оқланганига шукр қилмаслик»да айблаш мутлақо нотўғри. Ахир у мурувват-эҳсон сўраётгани йўқ, ўз ҳаққи, яна-да аниқроғи, адолат талаб қилмоқда. Айтишади-ку, ҳақ берилмас, олинур, деб...
Рост, М.Ғофурова оқланганидан сўнг, шундаям саккиз ойлик (!) югур-югурлардан кейин, оздир-кўпдир товон ундиришга муваффақ бўлди (бор-е, деб ташлаб қўйилса, шуям йўқ эди). Яъниким, суд унинг ҳарбий унвони, айблов ҳукми чиққани ҳамоно тўхтатиб қўйилган пенсиясини тиклади, шунингдек, маънавий зарар учун 150 миллион сўм, суд моддий зарар учун эса... 250 (икки юз эллик) минг сўм (!) ундиришни белгилади.
Чаккимас-ку, дейсизми? Қайдам.
Аслида-ку, инсонга ноҳақ етказилган азиятнинг товонини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайди. Изтиробнинг моддий ўлчови борми ўзи?! Тананинг оғриғига муолажа топилар, бироқ руҳий азобга малҳам топиб беринг-чи?! М.Ғофурованинг айбсиз айбдор сифатида ўтган беш ярим йилида шундоғам яхши бўлмаган соғлиғига баттар путур етгани кичкина талафотми? Онасининг куйиб-куйиб омонатини топширганию, ўзи панжара ортида қақшаб қолавергани-чи? Маҳкуманинг буви қарамоғидаги вояга етмаган фарзандининг аҳволини бир тасаввур қилиб кўринг... Йўқ, ортиқча ҳиссиётларга берилмаяпмиз, бор-йўғи, устма-уст келган мусибатларнинг айримлари қаламга олинаётир, холос. Булар айтишга осон, ёзишга осон...
Шунча азоб, шунча изтиробнинг маънавий товони 150 миллион сўмга баҳоланганини кўриб, «ўҳ-ҳў» дейишга эндиям шошасизми?!
Йўқотилган соғлиқни тиклаш учун сўлақмондай кўринаётган бу рақамлар камлик қилиши эҳтимоли катта. Инсон аъзолари дўконда қалашиб ётган матоҳ эмаски, танлаб-танлаб «оргинали»ни сотиб олиш мумкин бўлса. Қолаверса, тиббиётимизнинг аҳволи маълум: имконияти борлар Ҳиндистон, Исроил ёки турк шифокорлари остонасига бош уриб боришмоқда (қўли юпқаларнинг-ку тақдирга тан бериб, ажалини кутиб ётишдан бошқа чораси йўқ). Бир юз эллик миллион сўм, долларга чақилса, йигирма мингга етмайди. Бунча пулга, дейлик, Ҳидистонга бориб, «онадан туғилгандай бўлиб келиш» ғирт эртакнинг ўзику-я, лоақал йўқотилган соғлиқнинг жилла қурса ярмини тиклаволишнинг ўзи маҳол. Шифокорнинг ақли минг ғовлаган бўлмасин, муолажаси муваққатда барибир.
Иккинчидан, М.Ғофурова пенсияга чиққач, Марғилон банк коллежида иш бошлаганди. Тинчгина шу жойда ишлаганида ҳам беш ярим йилда умумий ҳисобда эллик миллион сўмга яқин маош оларди. Бу суд белгилаган маънавий зарарнинг учдан бирини ташкил этади. Яна бошқа «майда-чуйда» дек туюладиган реал зарарларни четга суриб, 17 йиллик хизмати эвазига берилган икки хоналик «дом»ни айтинг. Қўқон шаҳрининг А.Ҳўқандий кўчаси 50-уй, 43-хонадон калити унга дабдабаю асаъаса билан топширилганди. Харобадан сал берироқ бўлган ушбу хонадонни астойдил таъмирлаб, вояга етмаган фарзанди билан яшаётганди. Бўёқларнинг ҳиди кетмай пенсияга чиқишга мажбур бўлди, уйни хусусийлаштириб улгурмай ҳибсга олиндики, «ичкари»дан чиққунча уям олиб қўйилибди.
Суд унга етказилган моддий ва маънавий зараларни ҳисобини чиқараётган чоғ айни хонадонни қайтариш масаласида фуқаролик судига мурожаат этишни тавсия қилди: удда қилсанг таъмирга кетган пулингни ёинки ўша уйнинг ўзини олвол! Уй-ку, хусусийлаштирилмаган (бироқ шунча йиллик хизмати давомида бирор марта интизомий жазога тортилмаган ходима икки хонали «дом»га тўла ҳақли эмасми?!), хўп, аммо таъмирга кетган чиқимларнинг ўзи бир неча ўнлаб миллион сўмни қоралаб қолади. Шу ва юқорида баён этилган аниқ моддий зарарлар йиғиндиси белгиланган маънавий зарар миқдорига етиб қолади. Бундан хулосаки, маънавий зарар «сопи ўзидан чиқариб» белгилангандай...
Беш ярим йил ноҳақ қамоқда ўтирганликнинг суд белгилаган моддий зарар миқдорини юқорида қайд этдик: 250 (икки юз эллик) минг сўм! Йиғлагудек сумма...
Тўғри, судья моддий ва маънавий зарарларни ундириш ҳақида ажрим чиқарар экан, оқланган М.Ғофуровага ундан (ажримдан) норози бўлса, шикоят келтиришини, шунингдек, бошқа даъволари юзасидан фуқаролик судига мурожаат этиш ҳуқуқи тушунтириб ўтган. Фуқаролик судига даъво киритишнинг мураккаб жойи йўқ. Гап бу жараённинг узо-оқ давом этишида.
Биринчидан, моддий ва маънавий зарар ундириш тўғрисидаги даъволар судларда мамнуният билан қабул қилинмайди. Иложи бўлса-ку, даъво аризани қабул қилмаслик йўлини топса... Даъвогар давлат бўлса, муаммо йўқ, албатта: сўралгани ортиғи билан ундириб берилиши мумкин. Фуқарога келганда судьяларимиз оғир вазиятга тушиб қолади рости. Ёзилмаган қоидага кўра, судлар давлатга ён босишга мажбур... Натижаки, туя сўраган фуқаро бия олсаям катта гап. Мисолми? Мана, М.Ғофурованинг ўзи: унинг фойдасига ундирилиши белгиланган маънавий ва моддий зарарлар миқдоридан хулоса қилаверинг!
Фуқаролик судига мурожаат қилиб, яна қанча умри сарф бўлади – аввалдан башорат қилиш қийин. Фуқаролик судининг адоқсиз суд мажлисларига матонат кўрсатиб, муайян натижага эришди ҳам дейлик. Аламлиси, ўша суд қарори ижроси туя гўшти емаслигига кафолат йўқ.
Ҳамма бало шундаки, дасти узун МИБчилар молияга келганда қўлсиз-оёқсиз қилиб қўйилган. Бюджет кодексига кўра, молия бўлимларидан пул ундиришга оид суд ҳужжатларини... шу бўлим ходимларининг ўзи бажариши керак. Шундоғам бериши шарт бўлган маблағни молиядан вақтида олишнинг ўзи муаммо, моддий ёки маънавий зарарларни қоплашдек кўзда тутилмаган чиқишимларга йўл бўлсин. Суд қарори ижроси вақтда адо этилмагани учун биров молия мутасаддисига нисбатан жарима ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўллолмайди!
Айтдик-ку, МИБнинг бунга дахли йўқ, деб. Қисқаси, Молия органининг: «моддий ёки маънавий зарарларни тўлаш бўйича бу йил (ёки чоракда) маблағ ажратиш кўзда тутилмаган» деган гапи суд қарори ижросидан устун. Қонун шунақа. Оддий фуқаро қарздор бўлса, биров сўраб ўтирмайдики, режангда абгор аҳволга тушиб қолиш бормиди, деб. Пули бўлмаса, мулкига чанг солинади: буям қонуний...
Савол туғилиши мумкин: моддий-маънавий зарарларни ноқонуний жавобгарликка тортган шахсларнинг ўзидан ундирса бўлмайдими? Дейлик, терговчи, прокурор, судьядан? Йўқ-да, йўқ... Чунки, улар давлат органи вакиллари. Бировни ноҳақ қамагани, ғайриқонуний қарорлар чиқаргани учун жавобгарлик бор, албатта. Жавобгарликки, жиноий характерга эга. Илло моддий эмас. Нега? Дейлик, судья. Маълумки, у ўз номидан эмас, мамлакат номидан ҳукм ўқийди. Шу боис, у туширган қовун бадалини давлат қоплайди. Кўряпсизки, адолатсизликдан ҳеч кимга фойда йўқ: бундан ҳамма ютқазади...
Мўътабар Ғофуровани етти ухлаб тушига кирмаган кўргуликларга гирифтор этганлар жавобгарликка тортилганми-йўқми, билмадик, аммо уларнинг аксарияти ишдан олингани айтилади. Ҳатто Бош прокуратура томонидан унинг ноқонуний жиноий жавобгарликка тортилиши ҳолати юзасидан суриштирув ўтказилиб, Жиноят кодексининг 230-моддаси 2-қисми (айбсиз кишини жавобгарликка тортиш) билан «дело» очилиб, кўп ўтмай бекор қилингани маълум (ажаб, ғайриқонуний жавобгарликка тортилган бор, аммо тортган йўқ?!). Яна уни етти йилга «кесиб юборган» судья вилоятдан республикага кўтарилгани хусусида узуқ-юлуқ гаплар бор...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter