Тоғларга тирмашган шаҳар ёки салжуқийларнинг «мурод кўприги»
Халқимизда «юрган дарё, ўтирган бўйра», деган нақл бор. Ушбу маъноли сўз кишини ҳаракат қилишга, дунё кўришга даъват қилади. Жумладан, бизнинг ҳам Туркиянинг жануби-шарқий ҳудудларига қилаётган саёҳатимиз давом этади. Аввал сизга Ван кўли, музейи, Урарту қалъаси кабилар ҳақида маълумот бергандик. Энди эса йўлимизни сал жануброққа буриб, Муш, Битлис ва Татван каби шаҳарларни кашф этамиз.
Татван шаҳрида қарийб 80 мингдан ошиқ аҳоли яшайди. Ван кўли бўйида жойлашган шаҳар юқоридан қараганда денгиз портини эслатиб юборади. Шаҳар яшилликка бой, экологияни хуш кўрувчи сайёҳлар учун қулай маскан саналади. Шаҳарда Анқара ва Теҳронни боғловчи темирйўл станцияси ҳам мавжуд.
Ван кўли бўйлаб, тоғлар оралаб улов катта тезликда ҳаракатланади. Атроф гўзал, худди Ўзбекистон тоғларидаги довонларда юргандек бўласиз. Ван кўли ва Татван шаҳри ортда қолади, ҳатто Битлисни ҳам ортда қолдириб, кичкина, лекин сирли ва гўзал бўлган Муш шаҳрига етиб борамиз.
Нега айнан Муш? Нима дегани у?
Бу ҳақда турли тахмин ва афсоналар мавжуд. Айрим манбаларга кўра, Муш номи арманча «Мшуш» сўзидан келиб чиққан, бу «туман» деган маънони англатади. Арман анъаналарига кўра, бутпараст маъбуда Астгик кечқурунлари Гргур тоғидан тушиб, дарёда чўмилиш одати бор эди. Маҳаллий аҳоли бундан хабар топиб, унинг гўзаллигини кўриш учун тепаликларга ўт ёқишни бошладилар. Шундан кейин ҳудудда ўтиб бўлмайдиган туман пайдо бўла бошлади. Шунинг учун шаҳар ва туман тез-тез учраб турадиган бутун ҳудуд Мшуш деб атала бошланди, у оғиздан оғизга ўтиб, Мушга айланди. Албатта, бу бор-йўғи бир афсона.Муш жуд кўп урушлар ва тарихий жараёнларга гувоҳ. У Манцикерт жанги (1071)дан кейин салжуқийлар қўлига ўтади.
Шаҳар биз борганда ҳам ёмғир ва булутлар оғушида эди. Шаҳарнинг ташриф қоғози эса XI асрда салжуқийлар томонидан қурилган Мурод кўпригидир. У Мурод дарёсидан оқиб ўтгани учун ҳам шунақа аталади. Кўприк устида юрсангиз, ўзингизни худди Буюк Хитой деворида юргандай ҳис қиласиз.
Мурод кўпригининг ёши минг йилга яқинлашиб қолди. У 1871 йилда Усмонийлар томонидан таъмирланганди. Мушда жойлашган Улуу жаъми (жомъе) масжиди ҳам диққатга сазовор манзиллардан бири саналади. Муҳим томони, ушбу қадимий масжидда ҳозир ҳам бемалол ибодат амалларини бажариш мумкин.
Ван кўлидан 20 километрча узоқликда Битлис шаҳри жойлашган. У ҳам қадимийликда бошқа шаҳарлардан қолишмайди. Ҳатто у ўз қўшниларидан маҳобатлироқ: нақ тоғларга чирмашиб кетган. Шаҳардан ўтган анҳор ва унинг кўприкларини ўзини санъат асари дейсиз.
Битлиснинг асос солиниши ҳам афсоналарга бориб тақалади, айтилишича, у Александр Македонский кўрсатмаси бўйича генерал Лис томонидан қурилган бўлиб, шаҳарга «Ёвуз тулки» ёки «Петлис» номи берилган. Илгари шаҳарнинг марказий қисмида оқадиган булоқлардан бири Искандар номи билан аталган. Усмоний ҳукмдор Мурод бешинчи даврида Битлис узил-кесил мамлакат таркибига кирган. Узоқ йиллар давомида шаҳарнинг арман, курд ва бошқа халқлар яшаган.
Битлисда ҳам Улуу жаъми масжиди мавжуд. Афсуски Битлис қалъаси ҳозирда сайёҳлар учун ёпиқ бўлгани сабабли унинг маҳобатидан тўлиқ баҳра олиш бизга насиб этмади. Аммо қалъа ташқи томондан ҳам шаҳарга кўрк бериб турибди.
Битлисдаги борганимизда енгил ёмғир ёғиб ўтаётганди. Ушбу ҳавода иссиққина бардак чойини хўплаб, шаҳарни кузатишдан завқлироқ машғулот бўлмаса керак. Катта шаҳар шовқинлари, тирбандликлар ва бошқа асаббузарликлардан чарчадингизми? Биз юқорида тилга олган манзилларга ташриф буюринг. Тан олайлик, бугун тезкор замонда шунга ўхшаш сокин жойлар шиддат билан камайиб кетмоқда.
Улуғбек Орипов, Xabar.uz мухбири,
Битлис-Муш-Татван.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter