Бухорода блогер ва ошхона эгаларининг «хайпи» қимматга тушди
Бухоро вилояти, Пешкў туманидаги «Аҳрор ота» ошхонасида фуқарони оёғидан осиб, унинг атрофида пичоқ чархлаётган ҳолда тасвирга олинган видео ижтимоий тармоқларда кескин норозиликка сабаб бўлди. Суриштирувлар натижасида лавҳа «хайп» ва мижоз жалб қилиш мақсадида саҳналаштирилгани аниқланиб, айбдорларга нисбатан маъмурий чора кўрилди.
Тарқатилган видеода Бухоро вилояти, Пешкў туманида жойлашган «Аҳрор ота» номли умумий овқатланиш шохобчасида бир фуқаро оёғидан осиб қўйилгани, унинг атрофида эса қассоб ролидаги шахс пичоқ чархлаётгани акс этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Пешкў туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилган. Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Шукурлаевнинг маълум қилишича, видео Instagram тармоғида блогер А. томонидан ўзининг админлигидаги саҳифада эълон қилинган.
Текширувлар давомида лавҳа блогер ва ошхона эгалари ўртасида олдиндан келишилган ҳолда саҳналаштирилгани аниқланган. Уларнинг мақсади ижтимоий тармоқларда машҳурликка эришиш, аудитория жалб қилиш ва мижозларнинг сонини ошириш бўлган.
Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тўпланган материаллар Пешкў тумани судида кўриб чиқилди. Суд қарорига кўра, айбдорлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1781-моддаси (Реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) билан айбли, деб топилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари миқдорида жаримага тортилди.
Маълумот ўрнида: жорий йилнинг 3 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида интернетда ўз ҳуқуқбузарлигини тарқатган шахсларга жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter