Давлат харидларида нархларни сунъий оширишга чеклов қўйилади
Президент томонидан имзоланган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–1155-сон Қонун билан давлат харидлари соҳасига қатор муҳим ўзгартишлар киритилди.
Хусусан, «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг 33-моддаси давлат харидларида сотиб олинадиган товарлар ва хизматлар нархи ҳамда уларнинг ўртача бозор нархи ўртасидаги тафовутнинг энг кўп йўл қўйиладиган аниқ чегарасини белгилашга оид янги нормалар билан тўлдирилди.
Эндиликда давлат буюртмачилари давлат харидларини амалга оширишда товарлар ва хизматлар нархи ҳамда уларнинг ўртача бозор нархи ўртасидаги тафовут бўйича белгиланадиган талабларга қатъий риоя қилиши шарт бўлади.
Қонун билан «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс»га ҳам қўшимча киритилди. Унга мувофиқ, давлат хариди предметининг бошланғич нархи билан унинг ўртача бозор нархи ўртасида йўл қўйиладиган тафовутнинг энг кўп миқдорига нисбатан белгиланган талабни бузган мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача жарима қўлланилади.
Қонунга мувофиқ, давлат харидларида товар ва хизматларнинг ўртача бозор нархини ўрганиш ва аниқлаш, бошланғич нарх ҳамда бозор нархи ўртасидаги энг кўп йўл қўйиладиган тафовут чегарасини белгилаш тартиби алоҳида ишлаб чиқилади.
Шунингдек, нархларнинг шакллантирилиши юзасидан назорат ўрнатиш механизми ҳам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан уч ой муддатда тасдиқланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter