Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Фарзандлари таъминотидан «қочган» ота қонунга «тутилди»

Фарзандлари таъминотидан «қочган» ота қонунга «тутилди»

фото: istockphoto.com/ru

Кейинги пайтларда оталик бурчини унутган, балки уни қасддан инкор этаётган шахслар кўпаймоқда. Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида кўриб чиқилган фуқаро У.Э.га тегишли иш ана шундай ҳолатларнинг аламли мисоли.

Суд ҳужжатларига кўра, У.Э. 2012 йилда Ш.И. билан расмий никоҳдан ўтган. Бу унинг биринчи никоҳи бўлиб, улар ўртасида уч нафар фарзанд дунёга келган. У.Э. биринчи никоҳидан расмий ажралмай туриб, иккинчи хотинга ҳам уйланган. Никоҳсиз оиласидан оталик белгиланган икки нафар фарзанди борлиги суд-тергов давомида ошкор бўлган. Икки хотин, бир никоҳ ва беш нафар фарзанди бору, масъулияти йўқ У.Э. моддий етишмовчилик, ишсизлик ва ичкиликбозлик каби баҳоналар ортида яшириниб юрган. Фарзандларининг таъминотидан бутунлай юз ўгирган. Ижтимоий тартиб-одобни бузиб, ҳатто, яқинларига зўравонлик қилиб яшаган «ота»нинг хатти-ҳаракатлари 2021 йилда Ғиждувон туманлараро суди томонидан кўриб чиқилган.  Давлат ижрочилари томонидан қарздорга бир неча бор тушунтириш ишларини олиб борилган. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик борлиги ҳақида расман огоҳлантирилган.

Бироқ, У.Э. бу огоҳлантиришларни ҳам эътиборга олмаган. 2024 йил, сентябрда 49 миллион сўмдан ортиқ алимент қарзини тўламагани учун 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини олган. Аммо, қамоқдан кейин ҳам вазият ўзгармаган. 2024 йил августидан 2025 йил июлигача яна алимент тўламай юрган. Бу даврдаги қарз миқдори 34 миллион сўмдан ошган. Умумий алимент қарзи эса 83 миллион сўмни ташкил қилади.

Суд мажлисида жабрланувчи Ш.И.нинг кўрсатмасида келтирилишича, У.Э. нафақат, алимент тўламаслик, балки фарзандларига нисбатан маънавий ва жисмоний беэътиборлик ҳам қилган. У спиртли ичимликларга берилиб, уйда жанжал кўтариб, уй жиҳозларини сотиб юборишгача борган. Натижада Ш.И. фарзандларини олиб, ота уйига қайтишга мажбур бўлган. Судда у У.Э. биринчи турмуш ўртоғига «Фарзандларингни ўзинг боқ!» дея дўқ урган.

Ота сифатида фақатгина моддий масъулиятсизлик эмас, балки инсонпарварликни ҳам йўқотган У.Э.га нисбатан суд ўз айбловини чиқарган. Алимент қарзининг тўлиқ ундирилиши белгиланган – 83 709 602 сўм. Шу билан бирга, суд ижро ҳужжати юзасидан мажбурий ижро ҳаракатларини давом эттиришни ҳам расмий равишда кўрсатиб ўтган.

«Бу фуқаронинг ҳаёт йўли, нафақат, қонун, балки инсонлар қалби учун ҳам огоҳлантиришдир. Ота-она бўлиш – бу фақат биологик жараён эмас, балки уларни қўллаб-қувватлаш, тарбиялаш ва ҳимоя қилиш ҳамдир. Фарзандларни таъминотисиз қолдириш – жиноят. Ҳар бир юртдошимизни оилавий масъулиятни англашга, фарзандларга нисбатан инсоний бурчини унутмасликка ва қонун талабларига амал қилишга чақирамиз»,– дейди Бухоро вилояти суди ахборот хизмати раҳбари Феруз Шаропов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг