Бухоро кўчаларида «Насриддин Афанди» кезмоқда (фото)
Бугун, 1 апрел - Кулги ва мутойиба куни муносабати билан Бухоро шаҳрида кенг кўламли байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Айниқса, эски шаҳарнинг юраги ҳисобланган Лаби Ҳовуз майдонида жойлашган Хўжа Насриддин, халқ орасида «Афанди» номи билан машҳур қаҳрамон ҳайкали атрофидаги муҳит байрамона тус олган.
Ушбу бронза ҳайкал узоқ йиллардан буён маҳаллий аҳоли ва хорижий сайёҳларни ўзига жалб қилиб келмоқда. Қадимий меъморий обидалар бағрида жойлашган бу тимсол, нафақат, тарихий мерос, балки, кулгу ва ҳаётий ҳикмат рамзи сифатида ҳам қадрланади. Одамлар Хўжа Насриддин ҳақидаги латифа, аския ва ҳангомаларни ҳануз завқ билан эслашади.
Шу муносабат билан шаҳарда «Насриддин Афанди ҳамда Шарқ таомлари» фестивали ташкил этилди. Байрам доирасида Лаби Ҳовуздан Арк қўрғонигача бўлган ҳудуд сайлгоҳга айланиб, турли маданий дастурлар, кўргазмали чиқишлар ва шоу тадбирлар билан гавжум бўлди.

Фестивалнинг рамзий очилиш маросими Нодир Девонбеги мадрасаси олдида ўтказилди. Тадбирда сўз санъати усталари, аскиячилар ва ёш ижодкорлар иштирок этиб, кулгуга бой чиқишлари билан томошабинларга кўтаринки кайфият улашдилар. Театрлаштирилган саҳналар, миллий қўшиқлар ва жонли ижролар кулгу санъатининг беқиёс имкониятларини намоён этди.
Тарихий манбааларга кўра, Насриддин Афанди XIII асрдан бошлаб, Ўрта Осиё, Яқин Шарқ, Кавказ, Болқон ва ҳатто, Хитой халқ оғзаки ижодида кенг тарқалган ҳажвий образ ҳисобланади. Унинг реал шахс бўлгани ёки бўлмагани ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Айрим ривоятларда унинг ватани Бухоро дейилса, бошқаларида бошқа ҳудудлар тилга олинади. Бироқ, айнан, Бухородаги ҳайкал бу образнинг энг машҳур тимсолларидан бири саналади.

Бухоро шаҳар ҳокими Қурбон Турсуновнинг таъкидлашича, мазкур фестивал шаҳарнинг туризм салоҳиятини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, миллий қадриятларни оммалаштиришга хизмат қилади. Йил сайин тадбирга бўлган қизиқиш ортиб, унинг дастури янада бойиб бормоқда. Эски шаҳар кўчалари бўйлаб янграган миллий қўшиқлар, қаҳрамонлар қиёфасидаги қўғирчоқлар ва ранг-баранг саҳна чиқишлари айниқса хорижий меҳмонларда катта таассурот қолдирмоқда.

Фестивал доирасида «Шарқ таомлари» танлови ҳам ташкил этилди. Унда миллий ва бухороча анъанавий таомлар намойиш қилиниб, меҳмонларга маҳаллий ошхона маданияти билан яқиндан танишиш имконияти яратилди.
Шу тариқа, Бухоро шаҳри бугун нафақат тарихий мероси, балки кулгу ва ижод байрами орқали ҳам сайёҳлар учун янада жозибали манзилга айланмоқда.



Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter